ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Кейинги йилларда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида деҳқон ва фермер хўжаликлари, айниқса, аҳоли қарамоғидаги чорва ҳайвонлари сони, улардан олинадиган маҳсулот миқдорининг ошиши ҳисобига қўшимча даромад олиш ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ҳудудларда фаолият юритиб келаётган ҳайвонларни сўйиш ва гўшт сотиш билан шуғулланувчилар томонидан аҳолини гўшт билан таъминлашда ветеринария-санитария норма ва қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслик натижасида хавфсизлиги ҳамда сифати кафолатланмаган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг савдога чиқариш ҳолатлари учрамоқда. 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли истеъмоли учун етказиб берилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, терини қайта ишлаш корхоналарига сифатли тери хом ашёсини етказиб бериш ҳамда сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари учун ветеринария, ветеринария-санитария норма ва қоидалари 1-иловага мувофиқ;

Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича ветеринария-санитария норма ва қоидалари 2-иловага мувофиқ;

2019 — 2021 йилларда республика ҳудудларида ҳайвонларни сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича ташкил этиладиган автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари параметрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси:

икки ой муддатда жойларда мавжуд ҳайвон сўйишга мўлжалланган кушхоналарни тўлиқ хатловдан ўтказиб, ушбу қарор талабларига мувофиқ ҳолда автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарини (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари деб аталади) ташкил этиш;

туман ва шаҳар марказларидан олис ҳудудларда, қишлоқ жойларда фаолият юритадиган гўшт сотишга мўлжалланган дўконлар ва шахсий эҳтиёжлар учун гўшт етказиб беришни тартибга солиш мақсадида аҳолига қулай бўлган ҳудудларда ихтисослаштирилган мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш;

ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарининг лойиҳаларида кўрсатилган майдонидан кам бўлмаган белгиланган ер майдонини ажратиш;

аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида деҳқон бозорларида ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарининг гўшт сотиш савдо шахобчалари ташкил этилишини таъминлаш;

деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларига сотиш учун олиб кириладиган гўшт ва ҳайвонларни сўйишдан ҳосил бўладиган қўшимча суб маҳсулотларнинг ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида тайёрланишини таъминлаш чораларини кўрсинлар. 

3. Туман ва шаҳар ҳокимликлари манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда:

икки ой муддатда аҳолига қулай бўлган ҳудудларда ихтисослаштирилган мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш дислокациясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускорларни аниқлаб, 2019 — 2021 йиллар давомида босқичма-босқич ташкил этилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган сўйилган ҳайвон гўштларининг ягона электрон маълумотлар базасини (кейинги ўринларда ягона маълумотлар базаси деб аталади) ўз ичига олувчи дастурни ишлаб чиқиб, 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий қилиш чораларини кўрсин.

5. Белгилансинки, тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) фақат юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, ветеринария-санитария норма ва қоидаларига жавоб берадиган тери хом ашёсини қабул қилиш ва сақлаш учун махсус бино ҳамда омборхоналари мавжуд бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги Ғазначилиги, Давлат солиқ қўмитаси умумий овқатланиш, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлатилаётган гўштлар ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида тайёрланишини ҳамда белгиланган тартибда расмийлаштирилган сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари билан қабул қилинишини қатъий назоратга олсин.

7. «Ўзчармсаноат» уюшмаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда тери хом ашёсини йиғиб олиш, тайёрлаш, сақлаш ва уни қайта ишлаш корхоналарига етказиб беришни янада такомиллаштириш чораларини кўрсин; 

ишга туширилган ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилишини таъминласин. 

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва оммавий ахборот воситаларига аҳоли орасида ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти, ҳайвонларни сўйишни ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари ва ихтисослаштирилган мини сўйиш корхоналарида амалга ошириш, келиб чиқиши номаълум гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилмаслик, ҳайвон эгаларининг мажбуриятлари, шунингдек, жамоатчилик назоратини ташкил этишда фаол иштирок этиш юзасидан кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар. 

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 8 май,

386-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига
 
1-ИЛОВА

Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари учун ветеринария, ветеринария-санитария 

НОРМА ВА ҚОИДАЛАРИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур норма ва қоидалар (кейинги ўринларда қоидалар деб аталади) ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари учун ветеринария, ветеринария-санитария норма ва қоидаларини белгилайди.

2. Ушбу қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

гўштни зарарсизлантириш — фақат зарарсизлантирилгач истеъмолга яроқли деб топилган гўштни белгиланган ҳароратда қайнатиш ва унга ёғда ёки юқори иссиқликда қовуриш ҳамда маълум бир муддат чуқур музлатиш усуллари билан ишлов бериш;

гўштни утилизация қилиш — гўшт-суяк уни, елим тайёрлаш ёки бошқа техник мақсадларда ишлатиш, шунингдек, белгиланган тартибда қайта ишлаш қоидаларига риоя этган ҳолда йиртқич ҳайвонларни боқиш мақсадларида фойдаланиш;

ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси — замонавий типдаги механизациялашган ёки автоматлашган ускуналар билан жиҳозланган ҳайвонларни сўйиш учун мўлжалланган бино ва иншоотга эга бўлган корхона;

сўйишдан кейинги кўрик — ихтисослаштирилган сўйиш корхонасида ветеринария мутахассиси томонидан истеъмолга яроқлилигини аниқлаш учун сўйилган ҳайвоннинг гўшти ва ички аъзоларини белгиланган тартибда ветеринария текширувидан ўтказиш; 

сўйишга мўлжалланган ҳайвонлар — қорамол (шу жумладан қўтос, буйволлар), чўчқа, қўй, эчки, от, туя, қуён, барча турдаги паррандалар;

сўйишдан олдинги кўрик — ихтисослаштирилган сўйиш корхонасида ветеринария мутахассиси томонидан сўйишга мўлжалланган ҳайвонларни белгиланган тартибда кўрикдан ўтказиш, шу жумладан қон намуналари олиб, текшириш.

3. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси фаолиятини ташкил этишда ҳайвонларнинг соғлиғини ва гўшт, гўшт маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда керакли ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизмати ташкил этилади.

4. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси томонидан ҳайвонларни сўйдириш учун хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳайвонларни сақланаётган жойлардан, шу жумладан хўжаликлар, мол бозорлари ва хонадонлардан сўйиш корхонасига келтириш ҳамда гўштни реализация қилиш жойига, шу жумладан бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектлари ҳамда аҳоли хонадонларига етказиб бериш бўйича транспорт ва бошқа сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш тавсия этилади.

5. Ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш мажбурийдир. Рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун сўйиш қатъиян тақиқланади.

2-боб. Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарига қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари

6. Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида қуйидаги асосий ва ёрдамчи бинолар назарда тутилиши керак:

ҳайвонларни тушириш жойи;

ҳайвонларни сўйишдан олдин кўрикдан ўтказиш учун қабул қилиш майдони;

ҳайвонларни сўйишдан олдин сақлаш майдони (бостирма);

технологик жараёнлар кетма-кетлиги сақланган ҳолда, белгиланган тартибда механизациялашган ускуналар жойлаштирилган ҳайвонларни сўйиш биноси;

касалликларга гумон қилинган ҳайвонларни алоҳида сақлаш учун бино (жой);

ҳайвонларни автоматлаштирилган ёки ярим автоматлаштирилган ҳаракатсизлантириш ва терисини шилиш ускунаси, арра ва бошқа зарур жиҳозлари бўлган сўйиш жойи (сўйиш биноси ичида);

сўйилган ҳайвонни бўлакларга ажратиш жойи, гўштни совутиш, музлатиш ва вақтинча сақлаш учун катта ҳажмдаги музлатгич, туз сақланадиган омбор, музлатилган гўшт сақланадиган музлатгичли-омбор, шартли-яроқли гўштни зарарсизлантириш учун бино (жой);

ичак цехи, терини тузлаш цехи;

раҳбар, ветеринария врачи, ишчи-ходимлар учун алоҳида хоналар, душ, ҳожатхона, қон намуналарини текшириш учун ветеринария лабораторияси;

ичак, ошқозон ичини тозалаш жойи, гўнг сақлаш жойи, тозалаш ҳамда бошқа жой ва қурилмалар.

7. Корхона ҳудуди яроқли тўсиқ билан тўсилган, атмосфера ёғингарчиликлари, майдон ва йўлакларни ювиш сувларини оқизиб кетадиган тармоқ билан таъминланган бўлиши керак. Асосий йўл транспорт, молларни олиб кириш, йўловчилар йўлаклари, ҳайвонларни қабул қилиш ва сақлаш учун майдонлар ва молхоналар қаттиқ, сув ўтказмайдиган қоплама билан қопланиши керак. Ҳудуднинг бўш майдонлари кўкаламзорлаштирилган бўлиши керак.

8. Кириш ва чиқиш дарвозалари олдида махсус кюветлар-дезинфекция тўсиқлари, транспорт ғилдиракларини дезинфекция қилиш учун махсус эритма билан доим тўлдирилган дезинфекцияловчи тўсиқлар ташкил этилади.

9. Ҳайвонларни темир йўл вагонлари ва автомашиналардан тушириш жойлари ва ҳайвонларни бирламчи ветеринария ва ветеринария — санитария текширувини ўтказиш ҳамда танлаб термометрия қилиш учун бостирмали очиқ молхоналар билан жиҳозланиши керак.

10. Ош тузини тушириш учун темир йўл ёки автомобиль эстакадаларида асфальтланган майдонлар яратилади, уни сақлаш учун эса, сувга чидамли полли махсус омборлар жиҳозланади.

Ёқилғи, идиш, қурилиш моллари, суяк, ем ва бошқалар бостирмали омбор ёки махсус майдонларда сақланади. 

11. Ҳудуд иш куни давомида тизимли равишда тозаланади, йилнинг иссиқ даврида ҳудудга ҳар куни сув сепилади, қиш пайтида ҳудуд қор ва муздан тозаланади.

12. Чиқиндиларни йиғиш учун бетон ёки асфальт билан қопланган майдонда қопқоқли металл баклар ёки металл контейнерлар ўрнатилади.

Чиқинди ташлаш жойлари ва ҳовлидаги ҳожатхоналар ишлаб чиқариш ва омбор биноларидан камида 15 м узоқликда жойлаштирилади, улар сиғими 2/3 тўлганида тозаланиб туриши керак. Ҳожатхоналарни тоза ҳолда сақлаш ва ҳар куни дезинфекция қилиш керак.

Бак ва қутилардан ахлат ва чиқиндиларни ҳар куни олиб ташлаш ва дезинфекция қилиш керак.

13. Сўйиш корхоналари ҳудудида карантин бўлими, изолятор ва санитария сўйиш жойи ташкил этилади, уни ҳайвонни сўйишдан олдин сақлаш базасининг баландлиги 2 метрлик тўсиқ билан ўралган алоҳида майдонида жойлаштирилади. Санитария кушхонасида касалланган ҳайвонларни олиб кириш жойи, шунингдек, уни қабул қилиш, ветеринария текширувидан ўтказиш ва термометрия учун майдони бўлиши керак. Изоляторда ҳайвон мурдасини олиб чиқиш учун махсус жиҳозланган транспорт бўлиши керак.

Корхонадаги кўрсатилган объектларни, бундай объектлар бўлмаганида уни ташкил этиш учун майдон танлаш, шунингдек, уларнинг ўлчамлари ҳудудий давлат ветеринария ва санитария хизмати томонидан тасдиқланиши керак.

14. Сменасига 20 тоннагача гўшт чиқариш қувватига эга бўлган корхоналарнинг биносида санитария кушхонасининг ўрнига санитария камераси билан жиҳозланиши мумкин.

15. Корхонага сўйиладиган ҳайвон олиб келган автомашиналар ҳайвонларни туширгандан ва гўнгдан тозаланганидан сўнг корхонанинг четида жойлашган махсус майдонда ювилиши ва дезинфекция қилиниши шарт.

Шу майдонда молни ташишда ишлатилган автомашинадаги анжом ва жиҳозлар, шунингдек, темирйўл вагонларидаги ашёлар (ем солинадиган идиш, челак ва бошқалар) ювилиб дезинфекция қилинади. 

16. Ҳайвон сақланадиган бинолар ва очиқ молхоналар ҳар куни гўнгдан тозаланади ва гўнг сақланадиган жойга олиб борилади.

Юқумли касалликка чалинган ҳайвон гўнгини тозалаш ва зарарли микроблардан тозалаш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

17. Ҳайвонлар ичагидаги чиқиндиларни йиғиш учун сувга чидамли пол ва деворли, қопқоғи маҳкам ёпиладиган махсус йиғиш жойлари жиҳозланади. Йиғиш жойи атрофидаги майдон бетонланади ва ҳар куни дезинфекция қилинади. Ичак чиқиндилар йиғиш жойидан жиҳозланган транспорт ёрдамида махсус ажратилган жойга олиб борилади. 

18. Гўнг, ичак чиқиндиларини ташийдиган транспорт воситаси ҳар куни ювилиб дезинфекция қилинади.

19. Ҳайвонларни ташишда иштирок этадиган ходимлар кийимини санитар ишлов берилиши учун хўжалик бинода пароформалин дезинфекция камераси жиҳозланади.

20. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси етарлича сув билан таъминланиши керак.

21. Ишлаб чиқариш, маиший ва ичимлик мақсадларида фақат стандарт талабларига мос келадиган сув ишлатишига йўл қўйилади.

22. Озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган (компрессор, вакуум — насослар, ҳудуд ва мол базасига сув сепиш) сув сарфи учун техник сувдан фойдаланиш мумкин. Техник ва ичимлик сув қувурлари алоҳида ўрнатилади. Ички қувурлар бошқа рангга бўялади.

23. Шаҳар канализацияси ёки маҳаллий тозалаш иншоотларига қуйилишдан аввал оқова сув механик тозаланиши керак. Таркибида кўп миқдорда ёғ бўлган оқова сув (ёғ, ичакни қайта ишлаш цехларидан ва ҳ.к), маҳаллий тармоққа чиқарилишидан олдин ёғни ушлаб қолиш воситаларидан ўтказилиши керак.

24. Карантин, изолятор ва санитария сўйиш иншоотидан чиққан, шунингдек, ҳудудни ювишдан кейин чиққан оқова сувни ҳовли тармоғига чиқаришдан олдин уни тиндиргичлардан ўтказиб зарарсизлантирилади.

25. Барча ишлаб чиқариш цехларига кириш жойларида оёқ кийимини тозалаш ускуналари, дезинфекцияловчи гиламчалар қўйилади.

26. Ишлаб чиқариш биноларида бинони табиий ва сунъий ёритиш кўзда тутилиши керак.

Ишлаб чиқариш, ёрдамчи, омбор, маиший, маъмурий биноларнинг сунъий ёритилиши ёритиш нормаларига тўғри келиши керак.

27. Барча ишлаб чиқариш, омбор, маиший ёрдамчи биноларнинг девор ва шифтларида ёриқ, ўйиқ ва бошқалар бўлмаслиги керак. Ишлаб чиқариш, маиший ва ёрдамчи бинолар девори ва шифтини улар кирланганида ёки ҳар 6 ойда камида бир маротаба оч рангдаги мойли бўёқлар ёрдамида бўялади (бошқа турдаги ювиш имконияти бўлган жиҳозлар билан қопланган деворлар белгиланган тартибда ювилади).

Моғор пайдо бўлганида, девор ва шифтларни бўяшдан олдин антисептиклар билан ишлов берилади.

Плитка қопланган ёки мойли бўёқ билан бўялган девор ва панеллар хар куни совунли — ишқорга ботирилган латта билан артилади ҳамда ҳафтасига камида бир маротаба совунли иссиқ сув билан ювилиб дезинфекция қилинади.

Ҳайвонларни сўйиш ва ёрдамчи бинолар иш тугаганидан сўнг ҳар 5 кунда бир маротаба профилактик дезинфекция, шунингдек, ветеринария врачи талаби билан мажбурий дезинфекция қилинади.

28. Барча бинолардаги поллар сирпанчиқ бўлмаслиги, тирқишсиз ва ёриқларсиз бўлиши, иш жойлари ва йўлакларининг чеккаларида жойлашган траплар томонига қиялантирилган бўлиши керак.

Ишлаб чиқариш бинолари поллари иш жараёнида ва смена тугаганида тозаланади. Ишлаб чиқариш жараёнида пол ва деворлар ёғ билан кирланадиган цехларда иш пайтида ювилади, смена тугаганида эса иссиқ совун эритмаси, ишқор ёки бошқа мос ювиш ва ёғсизлантирувчи восита билан ювилади.

29. Пол, панель, ускуна ва технологик жиҳозларни ювиш учун барча ишлаб чиқариш бинолари ва цехлар иссиқ ва совуқ сув билан таъминланиши керак.

30. Дераза ва фонар шишалари кирланганида, ҳафтада камида бир марта артилиб ювилиши керак.

31. Зина панжаралари ҳар 10 кунда камида бир маротаба нам латта билан артилади ва дезинфекция қилинади. Зинапоялар кирланганида ҳар сменада камида бир маротаба ювилади.

32. Цех ичидаги барча сув, канализация, пар, газ ва бошқа қувурлари ажралиб туриши учун ҳар хил рангга бўялади. Уларни чангдан тозалаш учун қувурлар совунли ишқорли эритмага намланган тоза латта билан артилади.

33. Озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб турадиган транспортер, конвеер ва бошқалар тозаланади, кальцийланган соданинг иссиқ ишқорли эритмаси ёки каустик соданинг 0,05 — 0,15 фоизли эритмасида артилиб сўнг иссиқ сувда чайилади.

34. Тозалаш анжомлари, ювиш ва дезинфекция воситаларини сақлаш учун омборхона, махсус шкафлар кўзда тутилган. Ювиш анжомларини санитар ишлов бериш учун иссиқ ва совуқ сув таъминотига эга бинолар ташкил этилиб жиҳозланиши керак.

35. Қўл ювиш учун цехларда иссиқ ва совуқ сув таъминотига эга махсус қўл ювиш анжомлари ўрнатилиши керак, улар совун, дезинфекция эритмаси ва тоза сочиқлар билан таъминланиши керак.

36. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи биноларида дарчалар ва бошқа усуллар ёрдамидаги табиий ёки сунъий шамоллатиш (вентиляция) бўлиши керак.

37. Ишлаб чиқариш биноларида ҳаво ҳарорати ва нисбий намлик лойиҳалашнинг санитария нормаларига мос келиши керак. 

38. Технологик жиҳозлар ва анжомлар енгил тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши керак. Фақат давлат санитария назорати органлари томонидан рухсат этилган материаллардан фойдаланишга рухсат этилади.

39. Технологик жиҳозлар технологик жараённи қийинлаштирмайдиган ва ишлаб чиқариш биносини тозалаш ва дезинфекцияни қийинлаштирмайдиган этиб жойлаштирилиши керак.

40. Ишлаб чиқариш столлари қопламаси текис, зангламайдиган металл ёки мармардан бўлиши керак.

Гўштни суякдан ажратиш ва кесиш учун столларда қаттиқ ёғочдан олинган тахталар ишлатилади. Иш тугаганида бу тахталар яхшилаб ювилиб дезинфекция қилинади.

Маҳсулотнинг полга тушиб кетишини олдини олиш мақсадида махсус қурилма ва қувурлардан тушириладиган хом ашёни қабул қиладиган столларнинг ён деворлари баланд қилиб ясалади.

41. Иш столлари, ванна ва бошқа идишлар енгил тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши учун текис юзали бўлиши керак. Улар зангламас пўлат, алюмин ёки озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишлашга рухсат этилган бошқа материаллардан бўлиши мумкин.

42. Гўшт осиш учун илгаклар механизациялашган ёки ярим механизациялашган механизмларга жойлаштирилиши керак. Улар зангламас пўлат, алюмин ёки озиқ — овқат маҳсулотлари билан ишлашга рухсат этилган бошқа материаллардан бўлиши мумкин. Турли бўёқларга бўялган ва қўл бола усулда ясалган илгаклардан фойдаланиш тақиқланади. 

Қалай югуртирилган қозонлар, иш столлари, ванна ва бошқа идишлар, шунингдек, гўшт осиб қўйиш учун илгаклар вақти-вақти билан оқартириб тозаланиши керак. Идишдаги қалай миқдори 1% ошмаслиги керак. Оқартиргандан сўнг идиш яхшилаб тозаланади, тозалаш воситалари ва иссиқ сув билан ювилади, кучли пар ёки дезинфекция воситалари билан зарарсизлантирилади, сўнг иссиқ сув билан чайилади, қуритилади ва махсус жойда сақланади.

43. Цех ичида ҳаракатланадиган транспорт ва осиладиган қурилмалар алоҳида хом ашё ва маҳсулотларга бириктирилади ва керакли равишда белгиланади.

44. Жиҳоз ва ускуналар ҳар куни иш тугаганидан сўнг яхшилаб тозаланади, кальцийланган (0,5 — 2,0%) ёки каустик (0,1-0,2%) соданинг иссиқ эритмалари билан ювилади. Дезинфекция ҳафтасига бир маротаба ёки ветеринария мутахассиси кўрсатмасига биноан амалга оширилади. Санитария сўйиш жойи, жиҳоз ва анжомлар дезинфекцияси иш тугатилганидан сўнг олиб борилади.

45. Анжомларни ювиш ва дезинфекция қилиш учун ҳар бир цехда ювиш ванналарига иссиқ ва совуқ сув тармоғи уланган махсус хоналар ажратилади.

46. Тозалик сифати ва ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилиш учун ҳудудий давлат ветеринария хизмати томонидан ускуна ва жиҳозларнинг микробиологик текшируви доимий равишда белгиланган муддатларда амалга оширилади.

47. Гўшт маҳсулотларининг иккиламчи ифлосланишининг олдини олиш мақсадида технологик жараёнларнинг кетма-кетлигини таъминлаш керак.

48. Корхонага зооноз касалликлар билан касалланган сўйиладиган (ветеринария қоидаларига кўра сўйишга рухсат этиладиган) ҳайвонлар келтирилганида, барча ҳолларда ўрнатилган профилактика чораларига риоя қилиниши керак.

49. Сўйилган ҳайвон гўшти осма йўллар билан ҳаракатлантирилиши зарур, бунда улар пол, девор, технологик жиҳозларга тегмаслиги керак.

Сўйилган ҳайвон гўшти қонини оқизиш ва полда техник қон ва ишлатилган сувни оқизиш учун, суюқликни трапга оқиб кетиши учун полда қияли тарнов (металл, бетон, қамчи билан ўралган) ясалади.

50. Ёғ хом ашёси, субмаҳсулотлар, ичак ва ҳайвон сўйилганда бошқа маҳсулотларни уларни қайта ишлаш жойларига олиб бориш қияликдан тушириш, аравалар, осма йўлаклар ёрдамида амалга оширилади.

Озиқ-овқат хом ашёсининг ҳар бир тури алоҳида туширилади.

Қон, қон плазмаси ва бошқа оқсилли суюқликларни транспортировка қилиш қувурлари, уларни яхшилаб ювиш ва дезинфекция қилиш учун ечиладиган бўлиши керак.

51. Озиқ-овқатга оид бўлмаган чиқиндилар улар ҳақида ёзуви бўлган махсус идишга йиғилади.

Конфискатларни (ветеринар мутахассиси томонидан брак деб топилган гўшт маҳсулотлари) йиғиш учун бошқа рангга бўялган (оқ фонда қора йўл-йўл) алоҳида тушириш қувурлари ёки махсус ҳаракатланадиган ёпиқ идиш ўрнатилади.

Конфискатларни озиқ-овқат маҳсулотларини тушириш учун мўлжалланган қувурлар, шунингдек, бошқа мақсадларга мўлжалланган тушириш йўли ва идишларга солиш тақиқланади.

52. Сўйилган ҳайвонлар ошқозонини бўшатиш ва терини гўштдан тозалаш баландлиги 2 метр бўлган тўсиқ билан ажратилган, молни бирламчи қайта ишлаш цехининг махсус ажратилган жойларида амалга оширилади.

53. Ҳайвонни бирламчи ишлов бериш цехида сўйилган ҳайвонларни ўта хавфли касалликка чалинганлиги гумони пайдо бўлганида, ветеринария мутахассиси талаби билан конвейерни зудлик билан тўхтатиш учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

54. Совутиш ва музлатиш учун совутгичга фақат ишлов берилган субмаҳсулотлар қўйилиши мумкин.

55. Ичак цехидаги ичакларни бирламчи қайта ишлаш учун жиҳозлар ва иш жойлари, шунингдек, канализация сувлари тармоқлари шундай жойлаштирилиши керакки, уларни ювганда ичакдан чиққан ахлатлар ва сувлар цехни ифлосламаслиги керак.

Ичакдан чиққан ахлатлар канализацияга уланган люклар орқали чиқарилади.

Ичак цехларининг иш жойларига иссиқ ва совуқ сув уланади. Ичакларни саралаш (ҳаво билан тозалаш) учун ичак цехига сиқилган ҳаво берилиши таъминланади.

Ичак цехида ишлашнинг ҳўл жараёнларида ишчилар оёғи тагига панжаралар қўйилади.

56. Ёғларини эритиш учун мўлжалланган суякларни майдалаш ва арралаш ёғ цехининг алоҳида хонасида амалга оширилади.

57. Агар корхонада санитария сўйиш жойи бўлмаса, терини тузлаш цехида касалланган ҳайвонларнинг терисини дезинфекция қилиш ва тузлаш учун жой ажратилади.

58. Цехлардан ем ва техник маҳсулотлари чиқариш махсус идишлар ёки йўлаклар ёрдамида амалга оширилади.

59. Гўшт идишда ёки идишсиз совутиш камераларига жойлаштирилганида, ёғочдан ясалган, яхши текисланган рейка, брусдан ясалган панжара ёки поддонларга қўйилади.

Музлатилган гўшт ва субмаҳсулотлар текис тахланиб, полдан камида 8 см баландликдаги таглик ёки махсус сўриларга (стеллажлар) қўйилиши мумкин. Текис тахлаш девор ва совутиш ускуналардан 30 см масофада жойлаштирилади. Тахламлар орасида ўтиш жойлари бўлиши керак. Тиндирилган ва совуган гўшт осилган ҳолатда сақланади.

Мажбурий сўйилган ҳайвонларнинг гўштлари лаборатория текширувлари натижалари олингунга қадар алоҳида камерада ёки умумий камеранинг алоҳида бўлимида сақланади.

Ишлатилганидан сўнг дезинфекция қилинмаган асбоб-ускуналардан (панжара, рейка ва бошқалар) фойдаланиш тақиқланади. Тоза ёғоч жиҳозлар захираси махсус хонада сақланади.

Гўштни осиш илгаклари ва мосламалар зарур бўлганида рух билан ишлов берилади ёки оқартирилади.

60. Совутилган қувурлардаги қиров қатламлари камерани юкдан бўшатгандан сўнг иссиқ аммиак ёки тузли сув билан эритилади, шунингдек, қирғич ва қаттиқ супурги билан тозаланади. Бўшатилмаган камераларда қувурларни қировдан тозалашда яқин жойлашган юкларни тоза брезент ёки каноп мато устига ёпилган ҳолда фақат механик усулда рухсат этилади. Тозалаш тугаганидан кейин қировлар дарҳол олиб ташланади.

61. Маҳсулотларни қабул қилиш зиналари ва лифтлар ифлосланганда, ҳафтасига камида бир маротаба тозаланади.

Юклаш-тушириш вақтида камера ва йўлаклардаги поллар ифлосланганда, ҳафтасида камида бир маротаба тозаланади.

Мусбат ҳароратли камералардаги ифлосланган пол ва эшиклар, йўлак ва зиналардаги пол ва эшиклар мунтазам равишда иссиқ ишқорли — совунли эритма билан ювилади.

Тозалаш ишлари якунланганидан сўнг асбоб-ускуналар иссиқ сувда чайилади, 2% хлорли ишқор эритмасида дезинфекция қилинади, сув билан яхшилаб чайилади ва қуритилади. Моғорлаган камера ва хоналарни тозалагандан сўнг, асбоб-ускуналарни 5 — 10 дақиқага 2% хлорли ишқор эритмасига солинади, шундан сўнг иссиқ сув билан ювилиб қуритилади.

Плитка солинган ёки мойли бўёқ билан бўялган панелларни ҳар куни совунли — ишқорли эритмада намланган латта билан артилади. 

62. Совутиш хоналаридаги жорий таъмир, оқлаш ва дезинфекция ишлари зарур ҳолларда, камера таъмири, оқлаш ва дезинфекция ишлари юкдан бўшатилганидан сўнг бажарилади.

63. Моғорга қарши кураш учун камера, йўлак, ҳаво ажратгичли ҳаво каналлари ва бошқаларга антисептик ёки хлорли оҳак эритмаси билан ишлов берилади.

64. Асбоб-ускуна, транспорт воситалари ва идишларни ювиш учун сув ўтказмайдиган полли, кучли пар берадиган, иссиқ сув ва оқова сув чиқиш йўли билан жиҳозланган махсус хона ташкил этилади.

65. Камераларнинг мажбурий дезинфекцияси:

а) камераларни юкдан бўшатгандан сўнг ва совутгичга катта миқдорда юк қўйишдан аввал тайёрлаш вақтида;

б) камера деворлари, шифти, асбоб-ускуналари ва жиҳозларида кўзга кўринадиган моғор пайдо бўлганида;

в) сақланаётган юкларда моғор пайдо бўлганида амалга оширилади.

Камераларнинг ветеринария — санитария ҳолати ва дезинфекцияни ўтказиш зарурати давлат ветеринария хизмати (шунингдек, ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизмати) томонидан белгиланади.

Совутиш камералари дезинфекция воситасини ёки дезинфекция воситаси эритмасида тайёрланган оҳакли аралашмани сепиб, дезинфекция қилинади.

Камералар дезинфекция самараси дезинфекциядан олдинги ва кейинги бажарилган моғор замбуруғига зарарланганлик микробиологик таҳлили асосида аниқланади.

Агар таҳлил давомида замбуруғ уруғлари 1 см2 юзада бир нечта донани ташкил этса, дезинфекция қониқарли ҳисобланади.

66. Идишга солинмаган маҳсулотларни тарозиларнинг платформасига тўғридан-тўғри қўйиш тақиқланади. Тортиш махсус идиш, панжаралар ёки қурилмаларда амалга оширилади.

67. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари ортиладиган транспорт воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.

68. Гўшт ихтисослаштирилган ёки махсус ихтисослаштирилган транспортда ташилади.

Ташиш якунланганидан сўнг ҳар куни транспорт воситалари яхшилаб ювилади ва ҳафтасига камида бир маротаба дезинфекция қилинади.

69. Гўшт маҳсулотларини ташишда иштирок этаётган шахслар (юк ташувчи, экспедитор ва бошқалар) тоза кийим ва енг билан таъминланадилар, гўштни ортиш учун эса оёқ кийими устидан кийиладиган брезентли ҳимоя пайпоғи билан таъминланади.

70. Маиший хоналар сўйиш цехларида ишлайдиган ходимлар ишлаб чиқариш хоналаридан ўтмаслиги таъминланган ҳолда жойлаштирилиши керак.

71. Ишчи ва махсус кийимлар учун кийим осиш хоналари кўча ва ихтисослаштирилган кийимлар осиш хонасидан алоҳида жойлашиши керак.

Совутгичда ишлайдиган ходимларнинг кийиниш ва ювиниш хоналари умумий хўжалик биносида жойлашиши мумкин.

Санитария сўйиш цехи ходимлари учун алоҳида хўжалик хонаси ташкил этилади.

72. Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларни сўйиш ва уларнинг маҳсулотларини қайта ишлаш бўлими ходимларининг ишчи кийимлари мажбурий равишда дезинфекция қилиниши керак.

73. Хўжалик хоналарини иш тугаганидан сўнг ҳар куни йиғиштириш керак: чангдан тозалаш, пол ва асбоб-ускуналарни совунли — ишқорли эритма ва қайноқ сув билан ювиш. Дезинфекция ҳафтасига камида бир маротаба ҳамда мажбурий дезинфекция ветеринария врачининг талаби билан амалга оширилади.

Хўжалик хоналаридан бошқа мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилади.

74. Корхонанинг барча ходимлари шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари керак.

75. Сўйиш цехига ишга кираётган шахслар дастлабки йўриқнома ва тиббий кўрикдан ҳамда ветеринария-санитария курсларидан ўтиши керак.

Ветеринария-санитария курсларидан ўтмаган шахсларни ишга қўйилиши учун маъмурият жавобгар ҳисобланади.

76. Корхона ходимлари ишга тоза ва ораста уст-бош ва оёқ кийимида келишлари керак.

77. Корхона ходимлари қуйидагиларга мажбурлар:

а) иш бошланишидан олдин ва танаффуслардан сўнг қўлларини совун билан яхшилаб ювишлари ва хлорли оҳак (0,2%) эритмасида дезинфекция қилишлари, тоза санитария кийимини кийишлари, сочларини бош кийим ёки рўмол билан ёпишлари керак;

б) ишдан сўнг душ қабул қилишлари керак;

в) ошхонага келишдан аввал санитария кийимларини кийим алмаштириш хонасида ечишлари, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювишлари керак;

г) фақат махсус ажратилган жойларда овқат истеъмол қилишлари ва чекишлари мумкин.

Махсус кийимда цехдан ташқарига чиқиш тақиқланади.

78. Корхона маъмурияти қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) ҳар бир ходим учун махсус кийим комплекти бериши;

б) махсус кийимни мунтазам равишда ювиши ва ходимга тоза, соз ҳолатда бериши;

в) корхонанинг барча ходимлари учун ветеринария-санитария дарсларини ташкил этиш;

г) ишга қабул қилинаётган шахсларни улар тиббий кўрикдан, шунингдек, ветеринария-санитария курсидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида (ветеринария-санитария курсини корхонани ўзида ташкил этиш мумкин) расмийлаштириш.

79. Корхоналарда зарарли бактериялар, кемирувчилар, ҳашоратлар ва пашша, чивинларга қарши кураш чораларини кўриш. Чиқинди ва кирларни ўз вақтида тозалаш, чиқинди йиғиш идишлари, ўралар, ҳожатхона, гўнг сақланадиган жойларга мунтазам равишда ишлов бериш.

Йилнинг иссиқ вақтида биноларга пашша (чивин) кириб олмаслиги учун ойна, дарча ва эшикларга сетка ўрнатиш керак.

Гўштни кир бўлмаслиги ва кемирувчилардан сақлаш учун: 

а) хона остоналари ва эшикларига (40 — 50 см баландликдаги) листли темир ёки металл сетка, ёғочли тўсиқ қўйиш; 

б) ертўла қаватларидаги ойналарни ва вентиляция каналларининг тешикларини ҳимоя сеткалари билан ёпиш;

в) девор, пол, қувур ва радиатор ёнидаги тешикларни металл қирриндили цемент билан суваб чиқиш;

г) цехларни ўз вақтида озиқ-овқат қолдиқлари ва чиқиндиларидан тозалаш, иш тугаганидан сўнг гўшт маҳсулотларини яхшилаб ёпиш; 

д) кемирувчиларни механик (қопқон, тутқич ва бошқалар) ёки кимёвий воситалар билан йўқ қилиш керак. 

Дератизациянинг кимёвий усулларидан фақат мутахассис — дератизаторлар фойдаланиши мумкин.

Кемирувчиларга қарши курашда бактериал усуллардан фойдаланиш тақиқланади.

3-боб. Ҳайвонларни сўйишдан олдин кўрикдан ўтказиш учун ветеринария-санитария талаблари

80. 14 кундан кичик бўлган ҳайвонлар гўшт учун сўйилишига рухсат берилмайди.

81. Гўшт учун соғлом ҳайвонларни қўйилади сўйишга рухсат этилади. Касал ва юқумли касалликка чалинганликда гумон қилинаётган ёки ўлим хавфи (оғир жароҳат, суяк синиши, куйиш ва бошқа жароҳатлар) бўлган ҳайвонларни сўйиш тегишли йўриқномалар ва мазкур Қоидаларда назарда тутилган ҳолларда (гўшт инсон истеъмолига рухсат этилганида) рухсат этилади. 

82. Қуйидаги ҳолларда ҳайвонларни гўшт учун сўйиш тақиқланади:

Ветеринария врачининг рухсати бўлмаганида;

куйдирги, эмфизематозли карбункул, йирик шохли ҳайвонлар ўлати, туялар ўлати, қутириш, қоқшол, хавфли шиш, брадзот, қўйларнинг энтеротоксемияси, йирик шохли ҳайвонлар ва қўйларнинг катарал безгаки (тил кўкариши), чўчқаларнинг африка ўлати, туляремия, ботулизм, сап, эпизоотик лимфангоит, мелиоидоз (сохта сап), миксоматоз ва қуёнларнинг геморрагик касаллиги, парранда гриппи билан касалланган ёки гумон қилинган ҳайвонлар; 

ўлим талвасасида бўлган ҳайвонлар;

куйдирги касаллигига қарши эмланган ва даволанган ҳайвонларни эмлашдан (даволашдан) кейин 14 кун давомида, оқсил касаллигига қарши эмланганда, эмланишдан кейин 21 кун давомида;

маллеинизация қилинмаган бир туёқли ҳайвонлар. Маллеинизация қилинмаган ҳайвонлар сўйилганда гўшт ва бошқа маҳсулотлари утилизацияга юборилади.

83. Сўйиш учун юборилаётган ҳайвонлар таъминловчи хўжаликда белгиланган тартибда ветеринария кўригидан ўтказилиши керак. 

Бруцеллез ва сил касалликлари билан касалланган, клиник белгилар намоён қилган, касаллик ташхиси аниқланмаган, юқумли бўлмаган касалликка чалинган, тана ҳарорати юқори ёки паст бўлган ҳайвонлар, орнитоз, грипп, ньюкасл касаллигига чалинган паррандаларни сўйиш корхоналарига юбориш тақиқланади.

Йўриқномаларда кўрсатилган муддат давомида даволаш ва профилактика мақсадларида антибиотиклар қўлланилган ҳайвонларни сўйишга юбориш тақиқланади.

Пестицидлар билан ишлов берилган ҳайвонлар, ҳашоратлар ва каналарга қарши кураш учун тавсия этилган кимёвий воситалар рўйхатида кўрсатилган муддат тугаганидан сўнг сўйишга юборилади.

Балиқ, балиқ чиқиндилари ва балиқ уни берилганидан сўнг чорва ҳайвонларини 30 кун давомида, паррандаларни эса — 10 давомида сўйишга юбориш тақиқланади. 

84. Сўйишга юборилаётган ҳайвонларнинг ҳар бир партияси учун ветеринария қонунчилигида белгиланган тартибда ветеринария гувоҳномаси (ёки маълумотномаси) берилади. Партияга бир хўжаликдан (ферма ва бошқалардан) бир вақтда бир ветеринария гувоҳномаси (ветеринария маълумотномаси) бўйича юборилаётган бир турдаги ҳайвонлар киради.

Боқиш ва парваришлашга нолойиқ бўлган, жароҳати бўлган, юқумсиз касалликка чалинган ва тана ҳарорати меъёрида бўлган ҳайвонлар учун етказиб берувчи ветеринария врачи иштирокида тузилган далолатнома ҳам тақдим этилади.

85. Текширув пайтида сил ва бруцеллезга гумон қилинган ҳайвонлар, шунингдек, мазкур қоидаларга мувофиқ гўшт учун сўйишга рухсат этилган касал ҳайвонларни фақат давлат ветеринария хизматининг рухсати билан сўйишга юбориш мумкин. Бундай ҳайвонларни ҳайдаб олиб бориш ман этилади.

86. Сўйиладиган ҳайвонлар партияси олиб келинганида, ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг ветеринария мутахассиси ветеринария гувоҳномаси тўғри расмийлаштирилганлиги, шунингдек, ветеринария гувоҳномасида кўрсатилган ҳайвонлар сонининг ҳақиқатда мувофиқлигини ўрганади ва ҳар бир бошни ветеринария кўригидан ўтказиб, қон намунаси олинади ва белгиланган тартибда лаборатория текширувлари ўтказилади. Қон намунаси бруцеллез касаллигига текширилиб, ҳайвонлар соғлом бўлганда сўйишга рухсат этилади.

Юқумли касалликларга чалинган, агонияда бўлган, нобуд бўлган ҳайвонлар учраган партияда, шу жумладан ветеринария гувоҳномасида кўрсатилган соннинг амалдаги сонига мос келмаган ҳолларда, ташхис ёки тафовут сабаблари аниқлангунга қадар ҳайвонлар карантинга қўйилади, бунда карантин уч суткадан ошмаслиги керак.

Ҳайвонларни транспортда ташиганда нобуд бўлган ҳайвон таналари туширилмайди, улар микроскопик текширувлардан ўтказилади ва куйдирги инкор этилганидан сўнг утилизацияга юборилиб, ҳайвон эгаси ҳисобидан йўқ қилинади.

87. Ҳайвонларни тирик вазни ва гўшт сифати бўйича топшириш — қабул қилишда, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, чўчқалар, туялар, паррандалар қабул қилингандан 5 соат давомида сўйишга юборилиши керак.

Агар улар автотранспортда 100 кмгача масофада олиб келинган бўлса, уларда чарчаш аломатлари бўлмаса ва ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига юборишдан олдин йирик ва майда шохли ҳайвонлар, туялар ва кийиклар — 15 соатдан кам бўлмаган, чўчқалар — 5 соатдан кам бўлмаган, қуёнлар — 12 соатдан кам бўлмаган, қуруқликдаги парранда — 6 — 8 соатдан кам бўлмаган, ва сувда сузувчи паррандалар — 4 — 6 соатдан кам бўлмаган даврда хўжаликда боқилмасдан сақланган бўлса. Ҳайвонларни сўйишдан олдин хўжаликда боқмасдан сақланган давр товар — транспорт юкхатида кўрсатилиши керак ва ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига етказиб бериш муддати келишилган топшириш — қабул қилиш жадвалида кўрсатилган кун ва вақтида амалга оширилиши керак.

Қолган ҳолларда ҳайвонларни ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйишдан олдин боқмай сақлаш керак: қабул қилиб олинганидан сўнг йирик ва майда шохли моллар, туялар ва кийиклар — 15 соатдан кам бўлмаган, чўчқалар — 10 соатдан кам бўлмаган, қуёнлар — 5 соатдан кам бўлмаган даврда. Ҳайвонларга сув бериш чегараланмаган, лекин сўйишдан 3 соат олдин сув берилиши тўхтатилади.

Хўжаликда сўйишдан олдин оч қолдирилмаган паррандани сўйишга юборилмайди.

Узоқ ташишдан сўнг чарчаш аломатлари кузатилган ҳайвонларга камида 48 соат дам берилади, бунда уларни нормал равишда боқиб сув берилади, кейин эса юқорида кўрсатилган талаблар бажарилади.

Отларни сўйишдан олдин боқмаслик ихтисослаштирилган сўйиш корхонасида барча ҳолларда 24 соатдан кам бўлмаслиги керак (маллеинизация натижаларигача).

Бузоқ ва чўчқачалар қабул қилинганидан сўнг 6 соатдан кейин сўйишга юборилади.

88. Молни тирик вазни ва семизлиги бўйича хўжалик ёки корхоналарда топшириш — олишда, корхонага олиб келинганидан сўнг сўйишдан олдин ем бермай сақлаш вақти йирик ва майда шохли моллар, туя, отлар учун — 24 соатдан кам бўлмаслиги керак, чўчқалар учун — 12 соатдан кам бўлмаслиги керак, бузоқ ва чўчқа болалари учун эса — 6 соат бўлиши керак.

Ахталанмаган буқачалар бирга келган партияси билан алоҳида молхонада сақланади.

89. Сўйиш куни ҳайвонлар ветеринария мутахассиси томонидан кўриб чиқилади ва танлов асосида ҳайвонларнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб термометрия қилинади.

Ветеринария мутахассисининг сўйишдан олдинги текшируви ва термометрияси натижалари муайян шаклдаги журналга ёзиб борилади.

Касал ёки ҳарорати юқори ёки паст бўлган ҳайвон аниқланганида, журналда уларнинг рақам ва ёрлиғини, аниқланган ёки тахмин қилинган ташхиси ва ҳарорати ёзиб қўйилади. Бундай ҳайвонларни ажратиб, ташхиси аниқланмагунга қадар сўйишга йўл қўйилмайди.

Ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига ташхиси аниқ ҳайвонлар олиб келинганида, улар ветеринария мутахассислари назорати остида санитар сўйиш цехига дарҳол сўйиш учун юборилади.

90. Сўйишдан олдин бир туёқлилар сап мавжудлигига бир маротабалик офтальмомаллеинизацияга текширилади. Маллеинга ижобий таъсир берган ҳайвонлар йўқ қилинади.

Бир туёқлиларни корхонанинг умумий залида, лекин бошқа турдаги ҳайвонлардан алоҳида жойда сўйишга рухсат этилади.

91. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси ҳудудига туширилган ҳайвонларни ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланади.

92. Ҳайвонларни сўйишдан олдин ва кейин аниқланган ўткир юқумли касалликлар барча ҳолларда, шунингдек, сил, лейкоз, цистицеркоз (финноз) ёки трихинеллез касалликлари аниқланганда, ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг ветеринария хизмати бу ҳақида ҳайвонлар юборилган жойдаги давлат ветеринария хизматига ва юборувчига, шунингдек, ушбу корхона жойлашган ҳудудий давлат ветеринария хизматига маълумот бериши керак. 

93. Сўйишга олиб келинган ҳайвонларни текширганда бруцеллез ёки силга таъсирчан ҳайвонлар аниқланганида ёки юқумли касалга чалинган, йирингли яллиғланиши, йирингли гангреноз ярали, маститли, киндик ва бўғим яллиғланиши (бузоқларда) ва бошқа сабабларда улар соғлом ҳайвонлардан алоҳида қабул қилиб олинади ва санитария сўйиш цехига юборилади. Санитария сўйиш цехи бўлмаганида, умумий залда соғлом ҳайвонларни сўйиб бўлгандан сўнг ва залдан барча гўштлар ва бошқа маҳсулотлар олиб чиқилгандан сўнг умумий сўйиш цехида сўйишга рухсат этилади.

Юқорида келтирилган юқумли касалликлар билан касалланган ҳайвонларни сўйгандан сўнг, шунингдек, ҳайвонларни сўйганда бундай касалликлар аниқланганида, сўйиш цехи, бундай ҳайвонларни сўйиш ва ишлов беришда фойдаланилган барча жиҳоз ва асбоб — ускуналар, шунингдек, сўйишдан олдин сақланган жойлар санитар тозаланиши ва дезинфекция қилиниши керак. 

94. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига олиб кетилаётганида ёки қабул қилиш вақтида, темир йўл ёки автотранспорт орқали олиб келинаётган партиядаги ҳайвонда куйдирги касаллиги аниқланганида, ҳайвонлар санитария текширувидан ўтказилади ва ҳар бир бош термометрия қилинади. Тана ҳарорати меъёрда бўлган ва касаллик аломатлари бўлмаган йирик ва майда шохли ҳайвонлар, туя, отлар карантинга қўйилади ва ветеринария мутахассиси томонидан кунлик термометрия билан назоратга олинади.

Касалликнинг клиник аломатлари бўлган барча турдаги ҳайвонлар дарҳол изоляторга қўйилади ва у ерда даволанади. Даволаш бошланганидан 14 кун ўтганидан сўнг ва тана ҳарорати меъёрлашганида уларни сўйиш учун санитария сўйиш цехига олиб борилади.

95. Йирик шохли ҳайвон эмфизематоз карбункул билан касалланганида ёки бу касалдан ҳайвонлар ўлганда, бу партиядаги барча ҳайвонларни ветеринария мутахассиси текшириб чиқади. Ҳарорати меъёрда бўлган ва касалликнинг клиник аломатлари бўлмаган ҳайвонлар алоҳида партия билан дарҳол сўйишга юборилади, касалларини эса изоляция қилиниб даволанади. Тузалган ҳавонлар, ҳарорати меъёрга келганидан сўнг 14 кун сақланади ва сўйишга юборилади.

96. Сўйишга топширилаётган ҳайвонлар партиясида оқсил билан касалланган ёки касалликка гумон қилинган ҳайвонлар аниқланганида, ҳайвонларнинг бутун партиясини дарҳол санитария сўйиш цехига сўйиш учун юборилади. 

Оқсил билан касалланиб чиққан ва карантинга олинганидан сўнг биринчи 3 ой ичида хўжаликдан ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига юборилган ҳайвонлар, шунингдек, оқсилга қарши эмланган ва эмлангандан сўнг 21 кун ичида сўйишга юборилган ҳайвонлар алоҳида партия билан қабул қилиниб, сўйишга юборилади.

97. Қутирган ҳайвонлар тишлаган ҳайвонларни дарҳол сўйишга юборилади. 

98. Ёнғин, йўл транспорт ҳодисаси, чақмоқдан, электр токидан, музлаб қолган, чўкиб кетган ва бошқа сабаблар оқибатида ўлган барча турдаги уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш тақиқланади. Бундай ҳайвонларнинг мурдалари утилизация қилиниши керак ёки ветеринария врачи рухсати билан (агар улар ажралиб парчаланишни бошламаган бўлса) чўчқа ва қушларга ем сифатида қайнатиб берилиши, шунингдек, хом ёки қайнатилганидан сўнг питомникдаги ҳайвонларга берилиши мумкин, бунда сальмонелла мавжудлигига бактериологик текширув амалга ошириши шарт, зарур ҳолларда ҳайвонларга хавф туғдирадиган бошқа юқумли ва инвазион касалликлар келтириб чиқарувчилар мавжудлигига ҳам текширув ўтказилиши керак.

4-боб. Сўйилган ҳайвон таналари ва аъзоларининг сўйишдан кейинги ветеринария — санитария кўриги

99. Хўжаликдаги барча тоифадаги ҳайвонлар сўйилганидан сўнг уларнинг гўшти ва бошқа маҳсулотларини ветеринария врачи сўйишдан кейинги ветеринария — санитария экспертизасини ўтказиши шарт.

Сўйишдан кейин ветеринария — санитария экспертизаси ўтказилгандан сўнг «ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйиш ҳақида» 200-шаклдаги маълумотнома берилади.

Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида ҳайвонларни узлуксиз қайта ишлаш жараёни билан сўйилган ҳайвон гўшти ва органларини ветеринария — санитария экспертизасидан ўтказиш учун қуйидаги иш жойлари жиҳозланиши керак:

йирик шохли ҳайвонлар ва отларни қайта ишлаш линиясига — 4 иш жойи: калла, ички органлар, гўшти, якуний текширувлар учун;

чўчқаларни қайта ишлаш учун — 5 иш жойи: жағ ости лимфа тугунларини куйдиргига текшириш (терини шилиб гўштни ажратганда бу жойни қонсизлантириш жойидан кейин жойлаштирилади, гўштни шпарка билан ишлов берилганда эса, — куйдириш печи ортида, куйдиргига текшириш жойини бошларни текшириш жойи билан бирлаштириб жойлаштирилади), каллаларни текшириш, ички орган, гўштни текшириш ва якуний текшириш иш жойлари.

майда шохли ҳайвонларни қайта ишлаш линиясида текшириш учун 3 иш ўрни бўлади: ички органлар, гўшт ва якуний текшириш.

Касалликка шубҳаланган сўйилган ҳайвонни мукаммал ветеринария текширувини ўтказиш учун захира линиясига жойлаштирилади. 

Сўйиш ва сўйилган ҳайвонни бўлакларга ажратиш учун ҳаракатланадиган линияси бўлмаган ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвонлар калласи, ўпка — жигар ва қораталоқ ветеринария текшируви учун махсус илгакларга осилиши ёки столга жойлаштирилиши керак.

100. Сўйилган ҳайвон ва ички органларининг ветеринария текшируви учун жойлар қулай ва яхши ёритилган бўлиши керак, мол касаллиги аниқланганида уларни қайд қилиш ускуналари бўлиши керак, стерилизаторлар (пичок, илгак ва бошқа анжомларни зарарсизлантириш учун), иссиқ ва совуқ сувли қўл ювиш жойлари, совун, қўл ва сочиқларга ишлов бериш учун дезинфекцияловчи эритмали баклар бўлиши керак.

Ҳаракатланадиган конвеер билан жиҳозланган ҳайвонларни қайта ишлаш линиясида қоидаларнинг кўрсатилган бўлимида назарда тутилган ветеринар текширувининг бирон — бир иш жойи бўлмаганида ёки бундай иш жойининг керакли ветеринария хизмати мутахассиси билан таъминланмаган ҳолларда, бу линияда ҳайвонларни қайта ишлашга рухсат берилмайди.

101. Технологик схема ва қуйидаги талабларга биноан ветеринария текшируви учун калла ва ички органлар корхона ишчилари томонидан тайёрланиши керак:

йирик шохли ҳайвон калласи танасидан ажратилади, пастки жағ кесишма бурчаги билан осиб қўйилади, тилини тепасидан ва ёнларидан шикастламай оғиз бўшлиғидан эркин тушиб турадиган қилиб кесиб олинади ва текширилиш керак бўлган барча лимфа тугунлари сақлаб қўйилади;

от калласи танасидан ажратилади ва калладан тили ажратилгандан сўнг бутунлигини сақлаган ҳолда бурун пардадевори чопилади;

чўчқа калласи бир оз кесиб сўйишдан кейинги ветеринария экспертизаси тугагунича танаси билан бирга қолдирилади, терисини шилганда ёки куйдиргандан сўнг калласи энса ва чап юзи томонидан кесиб энса атлант бўғимини чиқарилади, оғиз бўшлиғидан тилни кекирдак билан кесиб олинади ва текширув охиригача олиб қўйилади;

бузоқ, қўй ва эчки каллалари энса — атлант бўғимидан ажратилади, ички органлари текшируви тугагунича тана билан бирга қолдирилади;

танадан чиқариб олинган ўпка ва кекирдак, юрак ва жигар ветеринария текшируви тугагунича бир-бири билан табиий боғланиб туриши керак (ливер) ва уларда лимфа тугунлари сақлаб қолиниши керак;

конвеер столларига қўйиладиган ички органларни ветеринария врачи тана билан бирга текшириши керак.

102. Калла, ички орган ва тана қуйидаги тартибда текширилади:

йирик шохли ҳайвон калласини текширишда жағости, қулоқ олди, медиал ва зарур ҳолларда, латерал ҳалқум лимфа тугунлари очилади. Лаби ва тили текширилиб пайпасланади. Чайнаш мушаклари юзасига параллел равишда (ташқи томонида икки кесим, ичкида битта кесим билан) ҳар бир томонидан цистицеркоз (финнозни) аниқлаш учун кесиб кўрилади; 

қораталоқ: ташқи қисми ва ичи кесиб текширилади;

ўпка: ташқи томондан текшириб, ҳар бир бўлаги пайпасланади. Чап бронхиал, трахебронхиал ва юрак лимфа тугунлари очилади. Йирик бронх жойларида (ем массалари аспирацияси ва бошқалар) ва патологик ўзгаришлар аниқланган жойларида паренхимани кесиб кўздан кечирилади;

юрак: юрак олди халтаси очилади. Эпикард, миокард ҳолати текширилади, юракнинг ўнг ва чап қисмлари катта қиялик билан кесилади, эндокард ва қон ҳолати текширилади, юрак мушакларининг 1-2 узунасига ва 1 кўндаланг кесилади (цистицеркоз, саркоцистоз ва бошқалар).

жигар: диафрагмал ва висцерал томонлардан текшириб пайпасланади. Диафрагма жигарга ёпишиб қолганида, уни кесиб олиб, жигар паренхимасини патологик ўзгаришларга текширилади. Портал лимфа тугунларини кесиб текширилади ва висцерал томондан ўт йўли бўйлаб 2-3 чуқур бўлмаган кесим қилинади;

буйрак: ишчилар капсуласидан ажратилади, кўздан кечириб пайпасланади, патологик ўзгаришлар кўринганида кесилади;

ошқозон (ошқозонолди): серозли сиртини ташқаридан текширилади, лимфа тугунлари кесиб текширилади. Зарур ҳолларда, ошқозон очилиб шиллиқ қавати текширилади. Қизилўнгач текширилади (цистицеркоз, саркоцистозга);

ичаклар: сероз қоплама томонидан текширилади ва бир нечта брижейкали лимфа тугунлар кесилади;

елин: яхшилаб пайпасланиб бир — иккита чуқур параллел кесим қилинади. Елин усти лимфа тугунлари очилади;

бачадон: мояк, қовуқ, меъда ости бези текширилади, зарур ҳолларда очилади;

тана: ташқи ва ички томондан текширилади, ўсма ва бошқа патологик ўзгаришларга аҳамият қаратилади.

Юқумли касал ёки ҳазм қилиш билан боғлиқ касалликларга гумон қилинганда, лимфа тугунлари очилади: юза-бўйин (курак олди суяги), қанотости (биринчи қовурға ва қанотости), қовурға — бўйин, қовурға орасидаги, краниал кўкрак, кўкрак усти, бел, қовурға билан қорин орасидаги, тоз,тизза, юза чов, қуймуч ва тизза ости. Зарур ҳолларда, цистицерк (финалларни) аниқлаш учун қўшимча равишда бўйин, курак — тирсак, бел, орқа, тоз мушаклари ва диафрагма мушаклари бўйламасига кесилади. 

Бузоқларнинг киндиги ҳам текширилади ва оёқлар (билак ва сакраш) бўғимлари очилади.

103. Майда шохли ҳайвонлар:

ички органлари, бош ва танасини йирик шохли ҳайвонлар каби текширилади. Казеозли лимфаденитни аниқлаш учун бўйин юза ва тизза бурмаст лимфа тугунлари текширилади.

104. Чўчқаларда:

калласи: қони оқизилганидан сўнг тана териси шилиб олиниб, жағости соҳасидан яра тешигидан пастки жағ битиши бурчаги томонга тери ва мушаклар узунасига кесилади, икки томондан жағости лимфа тугунлари очиб текширилади (куйдиргига). Агар чўчқа танасига терини шилмасдан ишлов берилса, жағости лимфа тугунлари ва бошнинг бошқа қисмлари куйдиришдан кейин текширилади;

калла текширилганда жағости, қулоқ олди ва бўйин лимфа тугунлари, ташқи ва ички чайнаш мушаклари (цистицеркозга) кесиб текширилади. Тил текширилиб пайпасланади; бўғиз шиллиқ қавати, кичик тил ва бодомсимон без текширилади;

қоражигар: ташқи томондан текширилади, паренхима очилади, зарур ҳолларда лимфа тугунлари ҳам очилади;

ўпка: ташқи томондан текширилади, пайпасланиб бронхиал лимфа тугунлари кесилади (чап, ўнг ва ўрта);

ошқозон, қизилўнгач, ичак, буйрак, юрак йирик шохли ҳайвон каби текширилади ва ўрганилади;

жигар диафрагмал ва висцерал томонлардан текшириб пайпасланади, висцерал томондан қисмларни кесишиш жойида кўндаланг кесим бўйлаб ўт йўллари текширилади;

тана: йирик шохли ҳайвон каби текширилади. Цистицеркозга текшириш учун зарур ҳолларда бел, бўйин, курак-тирсак (анконеус), орқа, тоз ва диафрагма мушаклари кесилиб текширилади;

мушак тўқимасининг локаллашган чуқур қатламида яллиғланиш жараёнларига гумон бўлганда (абсцесс ва бошқалар), бўйин соҳасидаги мушак икки — уч кесим қилинади (бўйиннинг юрак қисмида).

тананинг олд қисмида яллиғланиш аниқланганида, жағ ости ва қулоқ орти лимфа тугунларидан ташқари устки бўйин лимфа тугунларини ҳам текшириш керак.

105. Отларда:

калла: жағ ости ва тил ости лимфа тугунлари кесилади, бурун бўшлиғи ва чопилган бурун девори текширилади;

ўпка: нафас олиш йўллари, йирик бронхлар очилади ва шиллиқ қатлами текширилади. Барча бронхиал ва нафас олиш йўллари бўйлаб жойлашган чуқур бўйин лимфа тугунлари очилиб текширилади. Ўнг ва чап ўпка қисмлари иккита қия кесим бўйлаб кесилади, кесилган жойлар кўрилиб пайпасланади;.

қораталоқ, жигар, буйрак, ичак, ошқозон, юрак ва бошқа органлар: йирик шохли ҳайвонлар каби текширилади;

тана: ташқи ва ички томондан текширилади, ўсма ва бошқа патологик ўзгаришларига аҳамият қаратилади. Юқумли касалликка гумон қилинганида, текшириладиган лимфа тугунлари очилиб текширилади, қўшимча равишда мушкалар (куракларнинг ички томонидан) меланомага, қорин деворлари ички юзаси альфортиозга текширилади.

Онхоцеркоз (грануляцион тўқима кўринишида патологик ўзгаришлар, чандиқланиш ва бошқалар) гумон пайдо бўлганида, бўғин бўйлаб мушаклар кўкрак умуртқасидаги қилтиқ ўсимтагача узунасига қия кесилади.

106. Туяларда:

барча орган ва танаси йирик шохли ҳайвонлар каби текширилади. Бир нечта жойидан кесиб, умуртқа билан кўкрак қафаси оралиғида чўзилган ўрта девор лимфа тугунлари очилиб текширилади.

5-боб. Тана ва ички органларнинг ветеринария-санитария экспертизаси

Юқумли касалликлар:

107. Куйдирги. Куйдиргига гумон қилинганда ҳайвонларни сўйиш тўхтатилади. Гумон қилинаётган сўйилган ҳайвондан талоқ бўлаги, тўқиманинг ўзгарган қисмлари ва касалланган лимфа тугунлари олиниб, лабораторияга бактериоскопик ва бактериологик текширув учун юборилади. Текширув натижаларини олгунча сўйилган ҳайвон ва барча органлари алоҳида жойда изоляция қилинади.

Бактериоскопик таҳлил натижасида куйдирги тасдиқланса, сўйилган ҳайвон органлари ва териси билан бактериологик таҳлил натижаларини кутмай ўрнатилган ветеринария-санитария қоидалари асосида йўқ қилинади.

Бошқа ҳайвонларни сўйишдан олинган, барча қисмлар (оёқ, қулоқ, елин, қон ва бошқалар) куйдирги билан касалланган ҳайвонни сўйганда аралашиб кетган бўлса, ҳаммаси куйдириш йўли билан йўқотилади.

Соғлом ҳайвон терилари куйдирги билан касалланган ҳайвон терисига теккан бўлса, ҳайвон хом ашёси ва уни тайёрлаш сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарини дезинфекция қилиш йўриқномасида кўзда тутилган тартибда мажбурий дезинфекция қилинади.

Куйдирги бациллалари билан зарарланганликда гумон қилинаётган бошқа сўйилган ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлари технологик жараён давомида сўйилгандан сўнг 6 соат ичида очиқ қозонларда қайнатилади ёки 3 соат давомида (ёпиқ қозонларда эса 0,5 МПа да 2,5 соат давомида) қайнатиб зарарсизлантирилади. Кўрсатилган муддат давомида зарарсизлантиришнинг иложи бўлмаса, бу сўйилган ҳайвонлар таналари плюс 10 оС ҳароратдан юқори бўлмаган хонада изоляция қилиниши керак, сўнг юқорида кўрсатилганидек, зарарсизлантиришга юборилади, лекин сўйилгандан сўнг 48 соатдан ошмаслиги керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, зарарсизлантирилиши керак бўлган ҳайвон таналари ва маҳсулотлари утилизация ва куйдириш усулида йўқотилиши керак.

Технологик жараён давомида сўйилган ҳайвон ва маҳсулотларни куйдирги бациллалари билан зарарланганлиги лаборатория синовларида тасдиқланмаса, чекловларсиз чиқарилади.

Куйдиргига гумон қилинаётган сўйилган ҳайвоннинг бактериоскопик текшируви салбий бўлса, бактериологик текширув натижалари олингунича изоляцияда қолдирилади ва цехда бошқа амалиётларни ўтказиш зарурати (дезинфекция ва бошқалар) ветеринария мутахассиси томонидан белгиланади. 

Бактериологик текширувда куйдирги тасдиқланса, куйдирги бацилласи билан заҳарланганда гумон қилинган сўйилган ҳайвон ва бошқа сўйиш маҳсулотларини мазкур бўлимнинг иккинчи хатбошида кўрсатилгани каби иш тутилади.

108. Эмфизематозли карбункул, хавфли шиш, брадзот ва қўйларнинг юқумли энтеротоксемия касаллиги тасдиқланган тақдирда, сўйилган ҳайвон органлари билан бирга куйдириш йўли билан йўқотилади.

Бошқа ҳайвонларни сўйишдан олинган барча қисмлар (оёқ, қулоқ, елин, қон ва бошқалар) кўрсатилган касаллик аниқланган ҳайвонни сўйганда аралашиб кетган бўлса, ҳаммаси куйдириш йўли билан йўқ қилинади.

109. Манқа, ботулизм, эпизоотик лимфангоит, сақов касалликлари аниқланган тақдирда, сўйилган ҳайвон ва ички аъзолари ва териси утилизация қилинади. Сап ва эпизоотик лимфангоит қўзғовчиси билан зарарланган деб гумон қилинаётган барча сўйилган ҳайвонлар технологик жараён давомида қайнатилгандан сўнг чиқарилади, ички аъзолари эса утилизацияга юборилади, сўйилган ҳайвонни қайнатишни имкони бўлмаса улар ҳам утилизация қилинади. 

Технологик жараён давомида ботулизм қўзғатувчиси билан зарарланган ҳайвон гўштлари ҳам утилизацияга юборилади.

Сақов аниқланганида бош ва ички аъзоларини утилизацияга юборилади, бактериологик текширув давомида сальмонелла ёки сақов қўзғатувчиси аниқланмаса, гўштни чекловларсиз чиқарилади. Гўштдан сальмонелла ёки сақов стрептококки аниқланганида қайнатишга юборилади. 

110. Сил. Озғин сўйилган ҳайвонларда орган ва лимфа тугунларида силнинг ҳар қандай шакли аниқланганида ҳамда семизлигидан қатъий назар сўйилган ҳайвонлар танаси, боши, ички аъзолари (шу жумладан ичаги) умумийлашган сил жараёнида, яъни бир вақтда кўкрак ва регонар лимфа тугунлари билан қорин аъзолари касалланган бўлса утилизацияга юборилади.

Сўйилган чўчқа танасида фақат жағости лимфа тугунларида оқ қоплама кўринишидаги сил шикастланиши кузатилса, лимфа тугунлари кесиб ташланади, боши ва тилини қайнатишга юборилади, тана, ички аъзолари ва ичакларини чекловларсиз чиқарилади. Фақат бризжейка лимфа тугунларига сил ўтганида ичакни утилизацияга юборилади, ички аъзолари эса чекловсиз чиқарилади.

Чўчқа танаси лимфа тугунларида коринобактериялардан келиб чиққан касалланиш аниқланганида, касалланган лимфа тугунларини кесиб ташлагандан сўнг тана ва аъзолари чекловсиз чиқарилади.

Чўчқа танаси ва ичакларида парранда туридаги атипик микробактериялар келтириб чиқарган касалланиш аниқланганида, тана ва органлар билан ушбу бўлимда кўрсатилгани каби иш тутилади.

Туберкулинга таъсирчан ҳайвонни сўйганда, сил касаллиги аниқланишига қараб гўшт ва бошқа маҳсулотларнинг санитар баҳолаш амалга оширилади. Агар сил касалланиши лимфа тугунлар, тўқима ва аъзоларда аниқланмаса, тана ва сўйишнинг бошқа маҳсулотлари чекловларсиз чиқарилади.

111. Псевдотуберкулез. Ориқлик ва кўп сонли лимфа тугунлари касалланиши ва мушакларда псевдотуберкулез жараёни аниқланганида, сўйилган ҳайвон ва ички аъзоларини утилизацияга юборилади.

Ориқлик бўлмаганида ва фақат ички аъзолари ёки лимфа тугунлари касаллиги бўлганида, ички аъзоларини утилизацияга юборилади, сўйилган ҳайвон гўшти ва бошқа маҳсулотларини чекловларсиз чиқарилади.

112. Паратуберкулезли энтерит. Ичак, бризжейка лимфа тугунлари, бўғиз, жағ орасидаги соҳа, бошда патологик ўзгаришлар бўлганида, ўзгарган аъзо ва бризжейка ва ичакларни утилизацияга юборилади, сўйилган ҳайвон гўшти ва бошқа маҳсулотларини чекловларсиз чиқарилади.

Ориқ сўйилган ҳайвонлар ва уларнинг аъзолари кўрсатилган касалликлар бўлганида утилизацияга юборилади.

113. Оқсил билан касалланган ёки касалликда гумон қилинаётган ҳайвонлар билан бир партияда бўлган сўйилган ҳайвонлар гўшти ва бошқа маҳсулотларини қайнатилган ёки — дудланган турдаги колбаса, қайнатилган пазандачилик маҳсулотлари ёки консервалар тайёрлаш учун юборилади. Кўрсатилган маҳсулотлар учун гўштни қайта ишлашни имкони бўлмаса, қайнатиб зарарсизлантирилади.

Гўшт ва бошқа сўйиш маҳсулотларини ҳом холда чиқариш тақиқланади.

Кўпгина мушакларда (тоз ва кўкрак қисмларида, елка қисми ва ҳ.к), кўп сонли ёки кенг тарқалган некротик ўчоқлар бўлганида, шунингдек, оёқлар, елин ва бошқа аъзоларнинг гангренали ёки йирингли яллиғланиши билан кечган оқсилнинг оғирлашган ҳолатларида, сўйилган ҳайвон ва бошқа аъзоларини утилизацияга юборилади.

Мушакларда битталик некротик ўчоқлар бўлганида, мушак қисмлари утилизацияга юборилади, аъзолари ва қолган гўштни ишлатиш масаласи бактериологик текширув натижалари асосида ҳал қилинади.

Ичак, қизилўнгач, қовуқлар бошқа хом ашёдан ажратилган ҳолда технологик ишлов берилади ва усти ва ташқи томонини формальдегиднинг 0,5 фоизли эритмаси билан ювилади, сирка кислотасининг 0,08 фоизли концентрацияси қўшилган ош тузи эритмасига бўктирилади: ичаклар — 4 соат давомида, қизил ўнгач ва қовуқлар — 24 соат давомида. Кўрсатилган усулда зарарсизлантирилмаган ичак маҳсулотлари утилизацияга йўналтирилади.

Касал, касалланган ва заҳарланишда гумонланаётган ҳайвонлар териси дезинфекция қилинади. Оқсил аниқланишидан аввал олинган терилар, шунингдек, юқимли терига тегмаган соғлом ҳайвонлардан олинган терилар, ихтисослаштирилган сўйиш корхоналаридан дезинфекциясиз алоҳида вагонларга ёки автомашиналарга солишга ва бирламчи базаларга кирмасдан айнан чарм заводларига олиб боришга рухсат этилади.

Шохлар, туёқ, соч, тукларни 1 фоизли формальдегид эритмасида дезинфекция қилинади, шундан сўнг чекловларсиз чиқарилади.

Оқсил билан касалланган ҳайвонларни мажбурий сўйганда, гўшт ва бошқа маҳсулотларни фақат қайнатгандан сўнг хўжалик ичида ишлатилади. Хом ҳолда хўжалик ташқарисига олиб чиқиш тақиқланади. Тери, шох, туёқ, соч ва туклар дезинфекция қилиниши керак.

114. Бруцеллез. Бруцеллезнинг клиник ёки патологанатомик аломатлари бўлган барча турдаги ҳайвонларни сўйганда олинган гўштни қайнатгандан сўнг чиқарилади.

Бруцеллезга таъсир этадиган, лекин бруцеллезнинг клиник аломатлари бўлмаган ёки гўшт ва аъзоларида патологоанатомик ўзгаришлар бўлмаган йирик қорамол гўшти чекловларсиз чиқарилади.

Бруцеллезга таъсир этадиган ва эчки — қўй туридаги бруцеллезга (мелитензисга) гумонли хўжаликлардан (ферма) келиб тушган йирик қорамол ва чўчқа гўшти колбаса ёки консерва учун қайта ишланади.

Бруцеллезнинг клиник ёки патологик аломатлари бўлган барча турдаги ҳайвонлар гўштни суякдан ажратишда олинган суяклар, шунингдек, бруцеллезга таъсирчан қўй ва эчки таналарини ёғ ажратиш учун эритишга юборилади ёки ҳайвонларга қуруқ ем ишлаб чиқариш учун жўнатилади.

Бруцеллезга таъсир этадиган ёки бруцеллезнинг клиник аломатларига эга барча турдаги ҳайвонларни сўйганда олинган бош, жигар, юрак, ўпка, буйрак, ошқозон ва бошқа ички аъзоларни ҳом ҳолда сотиш тақиқланади; улар қайнатгандан сўнг чиқарилади ёки колбаса ва бошқа қайнатилган маҳсулотлар тайёрлаш учун қайта ишлашга юборилади.

Мол ва чўчқа қулоғи ва оёқлари, думи саноатда қайта ишлашдан ёки қайнатишдан аввал қайноқ сувга ботириб олиниши ёки куйдирилиши керак, мол ва чўчқа боши — куйдирилган, ошқозони эса қайнаган сувга ювилган бўлиши керак.

Бруцеллезга таъсирчан, лекин бруцеллезнинг клиник аломатлари ва тана ва аъзоларида патологоанатомик ўзгаришлар бўлмаган сигир, қўй ва эчки елини қайнатгандан сўнг чиқарилади, бруцеллезнинг клиник аломатлари ёки патологоанатомик ўзгаришлар бўлганида утилизацияга юборилади.

Бруцеллезга таъсирчан ҳайвонлардан олинган ичак, қизилўнгач ва қовуқлар 48 соат давомида 15 — 20 С ҳароратда 1:2 суюқлик коэффициентида 0,5% тузли кислотали 1 фоизли тузли эритмада ушланади. Бруцеллез билан клиник касалланган ҳайвонларнинг ичак, қизилўнгач ва қовуқлари утилизация қилинади.

Бруцеллез билан клиник касалланган ва бруцеллезга таъсирчан ҳайвонлардан олинган қон ҳайвонларга қуруқ ем ёки техник маҳсулотлар ишлаб чиқаришга рухсат этилади.

Қўй ва эчкилар бруцеллез (мелитензис типи) билан касалланган ҳайвонлар териси, шохи ва туёғи дезинфекциядан сўнг чиқарилади.

115. Лептоспироз безгаки. Ҳайвонларнинг хламидиозли (энзоотик) аборти. Агар лептоспироз аниқланса ва икки кун давомида йўқолмаётган мушакларнинг дегенератив ўзгаришлари бўлса ёки сариқ рангга бўялса, гўшт ва ички аъзоларни утилизацияга юборилади. Мушакларда дегенератив ўзгаришлар бўлмаса, лекин унда икки кун давомида йўқолаётган сариқ ранг бўлса, паталогик ўзгариши бўлмаган гўшт ва ички аъзоларини қайнатишдан сўнг чиқарилади. Ичак ва патологик ўзгарган аъзоларини утилизацияга юборилади.

Ҳайвонларда Ку безгаги ва хламидиозли (энзоотик) аборт аниқланганида, гўшт ва ўзгармаган аъзоларини қайнатишдан сўнг чиқарилади, ўзгарган аъзолар ҳамда қон утилизация қилинади.

Ҳайвонлар хламидиозида патологик ўзгаришлар бўлмаган ичак, қизилўнгач, қовуқларни 30 дақиқа давомида 0,5 фоизли формальдегид эритмасида тозалагандан сўнг ишлатилади. Суяклар 2,5 соат қайнатилади.

Лептоспироз, хламидиозли (энзоотик) аборти, Ку безгагига текширилганда фақат ижобий таъсир кўрсатаётган ҳайвонлар сўйилганда, яъни уларда мушкка тўқималарида ва аъзоларида клиник аломатлар ёки паталогоанатомик ўзгаришлар бўлмаганида, гўшт ва бошқа маҳсулотларини чекловларсиз чиқарилади.

Лептоспироз, хламидиозли (энзоотик) аборти ёки Ку безгаги билан клиник касалланган ҳайвонларнинг териси, сочи, шохи ва туёқлари дезинфекциядан сўнг чиқарилади.

116. Актиномикоз. Фақат бош лимфа тугунлари актиномикоз билан касалланганида улар олиб ташланади, бош эса қайнатишга юборилади. Бош суяклари ва мушаклари касалланганида эса уни бутунлай утилизацияга юборилади.

Ички аъзолар ва тил актиномикоз билан чекланган касалланганида, уларнинг касалланган жойини кесиб ташлаб чиқарилади; ички аъзолари ва тил кенг касалланганида уларни утилизацияга юборилади.

Суяк, ички аъзолар, мушаклар касаллиги кенг тарқалган актиномикоз жараёнида сўйилган ҳайвонни барча аъзолари билан бирга утилизация қилинади.

117. Чўчқалар ўлати. Сарамас. Ауеска касали. Пастереллез (геморрагик септицемия). Листериоз. Сальмонеллез. Юқорида кўрсатилган касалликка чалинган ёки гумонланаётган ҳайвонларнинг гўшти ва маҳсулотларини ҳом ҳолда чиқариш тақиқланади. Ўлатга қарши эмланган чўчқалар ва сўйилишдан олдин юқори ҳарорати бўлган ёки сўйилгандан сўнг санитар текширувда ички аъзоларининг патологик ўзгаришлари аниқланган чўчқалар ўлат билан касалланган деб ҳисобланади.

Мушакларда дегенератив ёки бошқа патологик (абсцесс ва бошқалар) ўзгаришлар бўлганида, гўшт ва ички аъзоларни утилизацияга юборилади.

Сўйилган ҳайвонда ва ички аъзоларида патологик ўзгаришлар бўлмаганида, сальмонеллага бактериологик текшируви (листериоздан ташқари) ўтказилгандан сўнг уларни ишлатиш ҳақида қарор қабул қилинади. Бунда гўшт ва ички аъзоларида сальмонелла аниқланганида, ички аъзолар утилизацияга юборилади, гўштни эса қайнатиш дан сўнг чиқарилади ёки консервалар ишлаб чиқариш учун йўналтирилади.

Сальмонелла бўлмаганда, гўшт, шпик ва ички аъзоларини қайнатилган — дудланган колбаса ва консервалар ёки қайнатишга йўналтиришга рухсат этилади. Рожа, пастереллез ва листериозда гўштни бундан ташқари қайнатилган колбаса, қайнатилган — дудланган тўши ва корейка учун ишлатишга рухсат берилади.

Листериоз билан касалланган ҳайвонларнинг патологик ўзгарган ички аъзолари, ичаклари ва бошлари барча ҳолларда 100 С ҳароратда ишлов бериш билан ёки шу ҳароратда 1 соат давомида қайнатиб утилизация қилинади.

Терилари дезинфекция қилинади.

118. Юқумли атрофик ринит. Касалга гумонланганда текшириш учун бошини бўйламасига иккига чопишади. Бурун ҳаво йўллари текширилади: бурун бўшлиғидаги шиллиқ қаватида яллиғланиш ва некротик жараёнлар, чаноқлар атрофияси аниқланганида боши, тили, қизилўнгач ва ўпкани утилизацияга юборилади. Гўшт ва бошқа аъзоларини (жигар, буйрак, қоражигар ва бошқалар) уларда дегенератив ўзгаришлар бўлмаганида чекловларсиз чиқарилади.

119. Юқумли ринотрахеит. Парагрипп-3. Вирусли диарея. Аденовирусли инфекция. Ветеринария санитария экспертизаси натижаларига кўра истеъмолга лойиқ деб топилган гўшт ва субмаҳсулотлар қайта ишлаш учун юборилади.

Гўшт ва ички аъзоларда патолгоанатомик ўзгаришлар бўлганида бактериологик текширувлар бажарилади. Сальмонелла аниқланганида ички органлар утилизацияга юборилади, гўшт эса қайнатишдан сўнг ёки консерва тайёрлашга юборилади.

Бош, трахея, қизилўнгач, қовуқ, гўштни суякдан ажратганда олинган суяк, қон, патологик ўзгарган аъзо ва тўқималар, шохи ва туёқлари утилизацияга юборилади.

Терини кўп миқдордаги ош тузи ва 1 фоизли тузли кислота қўшилган эритмада (НCl га ҳисобланганда) 24 соат давомида дезинфекция эритмаси 15 — 18оС ҳароратида, ва суюқлик 1:4 коэффициентида дезинфекция қилинади. Нейтрализацияни 6% ош тузи бўлган, нейтрализация тугагунича хом ашё вазнига бир неча маротаба 0,5 % кальцийланган сода қўшилиб амалга оширилади; нейтрализация тугашини индикатор белгилайди.

120. Коқшол. Бош, гўшт ва бошқа маҳсулотлари утилизацияга юборилади.

121. Қорамолнинг хавфли катарал иситмаси, отлар энцефаломиелити касалликларида гўшт қайнатишга юборилади, бош ва касал аъзолар утилизация қилинади.

Тери дезинфекция қилинади.

122. Отларнинг юқумли анемияси. Касал ҳайвонлар гўшти ва маҳсулотлари утилизацияга юборилади. Клиник аломатлари бўлмаган, лекин серологик текширувда ижобий ёки 7 — 20 кун оралиғида иккита гумонли натижа бўлганида ҳайвонлар санитар кушхонада сўйилади, гўшт эса қайнатиб зарарсизлантиргандан сўнг ишлатилади.

Боши, суяги ва ички аъзолари утилизация қилинади.

Тери дезинфекция қилинади.

123. Чўчқаларнинг вирусли (трансмиссив) гастроэнтрити. Касал ва касалликни юқтиришга гумонланаётган чўчқаларнинг гўшт ва субмаҳсулотлари қайнатилган, қайнатилган — дудланган колбаса ва консервалар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Гўшт ва субмаҳсулотларни колбаса маҳсулотларини қайта ишлаш имкони бўлмаса, улар қайнатиб зарарсизлантирилади.

Касалликдан тузалган ҳайвонларнинг гўшт ва субмаҳсулотлари чекловларсиз чиқарилади.

Касал чўчқаларнинг ичаги, қовуғи ва қизилўнгачи утилизация қилинади.

Касалликка, юқтиришга гумонланган, ва касалликдан тузалган ҳайвонларнинг ичаги, қовуғи ва қизилўнгачи бир соат давомида 0,5 фоизли формальдегид эритмасида ювилиб, кейин сувда чайилади, қайнатилган колбаса маҳсулотларининг пўсти сифатида ишлатилиши мумкин.

Ёғи эритилганидан сўнг суяклар, қон, туёқлар ҳайвонларга ем учун қайта ишланади.

Касал ва касалликка гумон қилинган чўчқа терилари дезинфекция қилинади.

Касалликдан тузалган ҳайвонлар териси чекловларсиз чиқарилади.

124. Чўчқаларнинг энзоотик энцефаломиелити (Тешен касали).

Сўйилган ҳайвоннинг гўшти ва маҳсулотлари қайнатилган — дудланган колбаса ва консерваларга қайта ишлов беришга ёки қайнатишга йўналтиришга рухсат этилади.

Зелец ва илвира тайёрлаш учун бош, оёқ ва думларини ишлатишга рухсат берилади.

Суяк, қон, бош ва орқа мия, ичак, ошқозон, қовуқ, қизилўнгач, туёқлар ҳайвонлар учун қуруқ ем тайёрлашда қайта ишланади.

Мушакларда дегенератив ўзгаришлар бўлганида, гўшт ва барча ички аъзоларни утилизация қилинади.

Ҳайвонларнинг терисини шилишмайди, уларни куйдириш ёки қайнаб турган сувга ботириш мумкин. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига дезинфекция қилинадиган териларни шилишга рухсат этилади. 

125. Чўчқаларнинг везикуляр касаллиги. Касал ва касалликни юқтиришга гумонланган чўчқалардан олинган гўшт ва бошқа маҳсулотлар технологик йўриқномаларда белгиланган режимлар бўйича тайёрланадиган қайнатилган, қайнатилган — дудланган ва дудланган — ёпилган колбаса маҳсулотлари ва консерваларга ишлатилади.

Субмаҳсулотларни зелец ва илвира, қайнатилган колбаса ва консервалар тайёрлаш учун ишлатилади, бунда технологик йўриқномаларда белгиланган режимларга риоя этилиши керак.

Ёғларни эритгандан сўнг суяклари ошқозон шиллиқ қавати, туёқлар ҳайвонларга қуруқ ем ишлаб чиқариш учун чўчқалар сўйилган корхонада қайта ишланади.

Ичак, қовуқ ва қизилўнгач бир соат давомида 0,5 фоизли формальдегид эритмасида ювилади, кейин сувда чайилиб корхона ичида ишлатилади. Юқорида кўрсатилган усулда зарарсизлантирилмаган ичак ва бошқа маҳсулотлар утилизация қилинади.

Касал ва касалликни юқтиришга гумонланган чўчқалар териси дезинфекция қилинади.

126. Чечак касаллиги аниқланган тақдирда қўй, эчки ва чўчқаларнинг гўшти ва ички аъзолари оспанинг хавфсиз шаклида ва пустулларнинг битишида, патологик ўзгаришлар, шишган тўқималар олиб ташлаганда (тозалаганда) чекловларсиз чиқарилади.

Чечакнинг аралашган геморрагик ва гангреноз шаклларида қўй, эчки ва чўчқалар гўшти ва маҳсулотлари утилизация қилинади.

Териси дезинфекция қилинади.

Некробактериоз. маҳаллий патологик жараёнида (ҳалқум, бурун, бўғиз, ички аъзолар ёки оёқларнинг зарарланишида) гўштни чекловларсиз чиқарилади, зарарланган қисмлари эса утилизация қилинади. Септик жараёнда эса гўшт ва субмаҳсулотлар утилизацияга юборилади. Ўртача семизликда бир нечта аъзоларнинг зарарланишида гўшт ва ички органларни ишлатиш масаласи бактериологик текширув ўтказилгандан сўнг ҳал этилади (патоген коккли микрофлора, сальмонелла ва бошқалар борлигини).

127. Ёш ҳайвонларнинг юқумли касалликлари (диплококкли септицемия, колибактериоз, стрептококкоз, сальмонеллез, қўзи ва чўчқа дизентерияси, энзоотик бронхопневмония).

Мушакларда дегенератив ўзгаришлар бўлганда, гўшт ва маҳсулотлар утилизация қилинади.

Мушак тўқималарида патологик ўзгаришлар бўлмаганида ички аъзолар утилизацияга юборилади, гўшт эса қайнатилгандан сўнг чиқарилади.

128. Мастит, эндометрит,параметрит билан касалланган қорамол ва қўйларни сўйганда олинган гўшт сальмонелла ва патоген стафилококка текширилиши керак.

Сальмонелла ва патоген стафилококк, мушкаларда дегенератив ўзгаришлар бўлмаганида гўшт ва ички аъзоларни чекловларсиз чиқарилади.

Сальмонелла аниқланганда гўшт қайта ишлашга юборилади.

Ҳар икки ҳолатда зарарланган елин утилизация қилинади.

129. Стахиботриотоксикоз, фузариотоксикоз, патологик ўзгаришлар бўлмаганида ва сальмонеллага текширув салбий бўлганида, гўшт, бош ва оёқлари чекловларсиз чиқарилади. Сальмонелла аниқланганида эса, гўштни қайнатишга ёки консервалар тайёрлашга юборилади.

Касал ҳайвоннинг ички аъзолари ва гўштида некротик қисмлар аниқланганида утилизацияга юборилади.

130. Лейкоз ва бир нечта паренхиатоз аъзоларнинг лимфа тугунлари касалланганида ёки тананинг серозли қопламида лейкозли ўсимталар (тошмалар) аниқланганида, ҳайвон семизлигидан қатъи назар, сўйгандан сўнг утилизация қилинади.

Агар алоҳида лимфа тугунлар ёки аъзолар зарарланган бўлса ва скелетал мушакларда ўзгаришлар бўлмаса, бундай лимфа тугунлар ёки аъзолар утилизацияга юборилади, гўшт ва зарарланмаган аъзолар бактериологик такширув натижаларидан келиб чиқиб ишлатилади.

Ҳайвоннинг лейкозга гемотогик текшируви ижобий бўлса, лекин лейкозга хос патологик ўзгаришлар бўлмаса, гўшт ва аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

Инвазион касалликлар:

131. Пироплазмидоз касаллигида сариқ ранг ва дегенератив ўзгаришлар бўлмаганида, гўшт ва ички аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

132. Қорамол ва чўчқалар цистицеркози (финноз). Бош мушаклари ва юрак кесилиб финлар аниқланганида бўйиннинг орқа қисмидаги мушакларда, курак-тирсак, бел, орқа, тоз оёқлар ва диафрагмада қўшимча иккита параллел кесим кесилади. Зарарланганлик даражасидан келиб чиқиб, гўшт ва аъзоларнинг санитар текшируви дифферентлаб амалга оширилади.

Бош ёки юрак мушаги кесимларининг бирида 40 кв.см юзасида учдан ортиқ тирик ёки ўлик финн аниқланганида, гўшт, бош ва ички аъзолар (ичакдан ташқари) утилизацияга юборилади. Ички ва ташқи ёғ (шпик) олиниб, озиқ — овқат мақсадларида эритишга йўналтирилади.

Бош ёки юрак мушаги кесимида 40 кв.см юзасида учдан кўп бўлмаган тирик ёки ўлик финн аниқланганида ва айтиб ўтилган мушакларнинг бошқа кесимларида финлар аниқланмаганида ёки миқдори учдан ошмаганида, гўшт, бош ва ички аъзолар (ичакдан ташқари) утилизация қилинади.

Ички ёғ ва шпик юқорида кўрсатилгани каби зарарсизлантирилади.

Қорамол гўштини музлатиш ёки тузлаш орқали зарарсизлантирилган гўшт қиймали колбаса маҳсулотлари ёки қиймали консервалар тайёрлаш учун юборилади. Зарарсизлантирилган субмаҳсулотлар ишлаб чиқаришда қайта ишлашга юборилади.

Цистицеркоз билан зарарланиш даражасидан қатъий назар, ичак ва тери оддий ишлов берилгандан сўнг чекловларсиз чиқарилади.

Серозли қоплама ва жигарда ингичка бўйинли финлар (ингичка бўйинли цистицеркоз) аниқланганида, улар олиб ташланади ва шундан сўнг гўшт ва ички аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

133. Қўй ва эчки цистицеркози (финноз). Гўшт ва аъзолар енгил зарарланганида (40 кв.см юза кесимида 5 дан кўп бўлмаган финн) ва мушакларда ўзгаришлар бўлмаганида, гўшт ва аъзолар яхлатиб зарарсизлантирилади ва кейин колбаса маҳсулотлари (қиймали) ва қиймали консерва маҳсулотлари учун қайта ишлов берилади. Гўштнинг катта миқдорда зарарланишида (кесимда 5 дан ортиқ финн бўлса) ёки мушакларда патологик ўзгаришлар бўлса, гўшт утилизацияга юборилади, ёғ эса қайта эритилади.

134. Трихинеллез. Чўчқа (3 ҳафталик ёшга тўлмаган чўчқа болаларидан ташқари), қобон, бўрсиқ, айиқ ва бошқа ҳар нарсани ейдиган ва йиртқич ҳайвонлар гўшти ва ички аъзоларини трихинеллезга текшириш шарт. Ҳар бир сўйилган ҳайвондан иккита проба олинади (хар бири 60 гр) диафрагма оёқларидан (мушак тўқимасини пайга ўтиш чегарасида), улар бўлмаганида — диафрагманинг мушак қовурға қисмидан, ва қовурға орасидаги ёки бўйин мушакларидан. Ҳар бир пробадан камида 12 кесим текширилади.

Компрессориусдаги 24 кесимда, ҳатто битта трихинелла топилса (унинг тириклигадан қатъи назар), гўшт, мушаклари бўлган субмаҳсулотлар, қизилўнгач, тўғри ичак, шунингдек, аралашиб кетган гўшт маҳсулотлари утилизацияга юборилади.

Ташқи ёғ (шпик) ажратилиб қайта эритилади. Ички ёғ эса чекловларсиз чиқарилади.

Ичаклар (тўғри ичакдан ташқари) оддий ишлов берилгандан сўнг чекловларсиз чиқарилади.

Тери мушак тўқималари олиб ташланганидан сўнг чиқарилади. Мушак тўқималари утилизацияга юборилади.

135. Эхинококкоз. Мушак ёки ички аъзоларнинг кенг зарарланишида, гўшт ёки аъзолар утилизацияга юборилади. Кам зарарланишда эса фақат гўшт ва аъзоларнинг зарарланган қисмлари утилизация қилинади. Гўшт ва аъзоларнинг зарарланмаган қисмлари чекловларсиз чиқарилади.

136. Метастронгилезлар. Фасциолез. Дикроцелиоз. Диктиокаулез. Лингватулез. Аъзоларнинг зарарланган қисмлари утилизацияга юборилади ёки йўқ қилинади. Ички аъзоларнинг зарарланмаган қисмлари эса чекловларсиз чиқарилади.

Ички аъзонинг 2/3 қисми ивазия билан зарарланган бўлса, у бутунлай утилизацияга юборилади.

137. Альфортиоз. Альфортиоз билан касал отлардан олинган гўшт зарарланган ўчоқлар тозаланганидан сўнг чекловларсиз чиқарилади. 

138. Онхоцеркоз. Гўшт ва аъзолар зарарланган ўчоқлардан тозалангандан сўнг чекловларсиз чиқарилади. Онхоцеркознинг йирингли — некротик аломатлар билан оғир кечишида, гўшт ва ички аъзолар патоген стафилококклар ва сальмонеллаларга бактериологик текширилиши керак.

139. Аскаридоз. Параскаридоз. Гидремиянинг яққол аломатларида гўшт ва аъзолар утилизация қилиниши керак.

Мушаклар гидремияси аломатлари бўлмаганида, гўшт ва аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

140. Овод личинкалари. Яллиғланган ва шишган жойлар яхшилаб тозаланади.

141. Ценуроз. Бош утилизацияга юборилади. Гўшт ва аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

142. Саркоцистоз. Мушакларда саркоциста аниқланганида, лекин уларда патологик ўзгаришлар топилмаганда, гўшт ва аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

Гўшт саркоцистлар билан зарарланганида ва мушакларда ўзгаришлар аниқланганида (озиш, гидремия, рангсизланиш, мушак тўқималарининг оҳак билан қопланиши, дегенератив ўзгаришлар) гўшт ва аъзолар утилизацияга юборилади.

Чўчқа шпики ва ички ёғи, барча турдаги ҳайвонларнинг ичак ва териси чекловларсиз ишлатилади.

143. Яхши ва ёмон ўсимталар. Ёмон ўсимта ва кўп сонли яхши ўсимта билан зарарланган аъзо ва тана қисмлари утилизацияга юборилади, зарарланмаган қисмлари эса қайнатилгандан сўнг чиқарилади. Кенг зарарланиш оқибатида зарарланган қисмларни олиб ташлашнинг имкон бўлмаганида, гўшт ёки аъзолар утилизацияга юборилади.

Кам сонли яхши ўсимталар бўлса, зарарланган қисмлар кесиб олиб ташланади ва гўшт ва аъзолар чекловларсиз чиқарилади.

144. Оқ мушак касаллиги. Кетозлар. Мушакларда дегенератив ўзгаришлари бўлганида (рангсизланиш, шишлар, ҳажмни катталаниши, мушаклар бўшашиши) гўшт ва аъзолар утилизацияга жўнатилади.

Мушаклардаги ўзгаришлар аломатлари кучли бўлмаса (ранг оч пушти, ҳажм кам катталашиши) ёки аъзо ёки скелет мушаклари қисмида патологик ўзгаришлар бўлса, гўшт ва ички аъзолар сальмонеллага текширилади. Мушак ёки аъзоларда сальмонелла аниқланганида, гўшт зарарсизлантириш учун қайнатишга юборилади, ички аъзолар эса утилизацияга юборилади; сальмонеллага бактериологик текширув натижалари салбий бўлса, гўшт ва зарарланмаган аъзолар ишлаб чиқариш қайта ишловига юборилади (қайнатилган ва қайнатилган — дудланган колбасалар ва консервалар), зарарланган аъзолар эса утилизацияга юборилади.

145. Озиш. Илвираган шиш ва ёғ йиғилган жойларда озиш, озишни келтириб чиқарган сабаблардан қатъи назар, ёки мушак тўқималаридаги шундай шишлар бўлганида, мушаклар атрофияси ёки дегенератив ўзгаришда ва лимфа тугунларининг шишишида, гўшт ва ички аъзолар утилизацияга юборилади.

146. Сўйилган ҳайвон гўштини сариқ рангга бўялиши икки кун давомида йўқолмаётган бўлса, гўшт қайнаганида аччиқ маза ва ахлат ҳиди келганида, гўшт утилизацияга юборилади.

Икки кун давомида сариқ ранг, ахлат ҳиди ва аччиқ маза кетса, бактериологик текширув натижаларига кўра гўшт чиқарилиши мумкин.

Гўштда балиқ, сийдик, балчиқ, дори ёки гўштга ёт бўлган бошқа ноодатий ҳид бўлганида, ва бу ҳид гўшт қайнатилганидан сўнг ҳам йўқолмаса, шунингдек, чириш аломатлари бўлганида, гўшт утилизацияга юборилади.

Балиқ ҳиди бўлган гўштда патологоанатомик ўзгаришлар бўлмаганида, 48 соат давомида совутиш камераларида сақланади. Агар 48 соатдан сўнг қайнатилиб татиб кўрилганда балиқ ҳиди сезилмаса, гўштни ишлаб чиқаришга қайта ишлаш учун юборилади.

Ёғ хом ашёси балиқ ҳиди бўлганида утилизация қилинади.

147. Ҳайвонларни фақат ветеринария мутахассиси рухсати билан мажбурий сўйилади. 

Мажбурий сўйиш учун ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарига олиб келинган ҳайвонларни сўйишдан олдин сақланиши амалга оширилмайди.

Хўжаликда ҳайвонларни мажбурий сўйиш сабаблари ҳақида ветеринария мутахассиси имзолайдиган далолатнома тузилади. Мазкур далолатнома ва мажбурий ўлдирилган ҳайвон гўштининг бактериологик текшируви натижалари ҳақида ветеринария лаборатория хулосаси ҳамда ветеринария гувоҳномаси билан бирга сўйилган ҳайвонни ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига олиб келишда берилиши керак, у ерда сўйилган ҳайвон қайта бактериологик текширувдан ўтказилади.

Ҳайвон пестицид ва бошқа заҳарли моддалар билан заҳарланганда гумон қилинганда, гўштни заҳарли моддаларга текшириш натижалари ҳақида ветеринария лабораториясининг хулосаси бўлиши керак.

148. Мажбурий равишда сўйилган ҳайвонлар гўштини хўжаликлардан гўшт ишлаб чиқариш корхоналарига олиб бориш гўшт маҳсулотларини ташиш бўйича амалдаги ветеринария — санитария қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак.

149. Мажбурий равишда сўйилган қўй, эчки, чўчқа ва бузоқлар гўштини тўғри экспертиза қилишини таъминлаш мақсадида гўшт ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарига яхлит ҳолатда келтирилиши керак, қорамол ва туя гўштлари эса — яхлит, иккига бўлинган ва тўртга бўлинган кўринишда олиб келиниши ва алоҳида совутиш камерасига қўйилиши керак. Иккига ва тўртга бўлинган ҳайвон гўштларини улар бир ҳайвонга тегишлилигини билдириш учун ёрлиқ қўйилади.

150. Йўлда мажбурий равишда сўйишдан олдин ветеринария кўриги ўтказилмай сўйилган ҳайвон гўшти тегишли ветеринария гувоҳномаси (маълумотномаси), мажбурий сўйиш сабаби ҳақидаги ветеринария далолатномаси ва бактериологик текширув натижалари ҳақидаги ветеринария лаборатория хулосасисиз ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарига қабул қилиш тақиқланади.

151. Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида ҳайвонни мажбуран сўйиш фақат санитар сўйиш хоналарида амалга оширилади.

6-боб. Парранда сўйишдан олинган маҳсулотларнинг ветеринария- санитария текшируви ва экспертизаси

152. Паррандаларни қабул қилиш, сўйишдан олдин сақлаш, ветеринария текшируви ва сўйиш учун ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари ветеринария-санитария талабларига жавоб берадиган хоналарни жиҳозлаши керак.

153. Соғлом ва касал паррандаларни бирга транспортировка қилиш ва сўйишга рухсат берилмайди.

154. Ихтисослаштирилган сўйиш корхонасига олиб келинган парранда партия орасида юқумли касалга чалинган (грипдан ташқари) парранда аниқланса, бутун партия дарҳол сўйишга юборилади, уларни сўйиш соғлом паррандаларни сўйишдан алоҳида амалга оширилиши керак.

155. Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналаридан ичи тозаланмаган паррандалар олиб чиқилиши тақиқланади.

Тўлиқ ичак — чавоқдан тозалашда бош, бўйи, оёқлар ажратилади; паррандадан бўқоқ, трахея, қизилўнгач ва ички аъзолар олиб ташланиши керак. Патологик ўзгаришлари бўлмаган ўпка ва буйраклар парранда ичида қолдирилиши мумкин. Ошқозон таркиби ва кутикуладан тозаланиши керак.

Парранда ярим тозаланган ҳолатда чиқарилганда, улардан клоака билан ичак ва тухум йўли олиб ташланади. Бўғиз ем билан тўлган бўлса у ҳам олиб ташланади.

Паррандани ичак-чавоғи ярим тозаланган ҳолатда чиқаришга фақат соғлом паррандалар сўйилганида рухсат берилади. Юқумли ёки юқумли бўлмаган касаллик аниқланганида, барча паррандаларнинг ёши ва сонидан қатъи назар ичак-чавоғи тўлиқ тозаланиши керак.

Парранда сўйилганидан сўнг ветеринария мутахассиси сўйилган паррандаларни кўздан кечиради ва боши, териси ва бўғимларида патологоанатомик ўзгаришлар аниқланганида, уларнинг ичак-чавоғини тозалайди ва ветеринар шифокор томонидан тўлиқ ветеринария-санитария экспертизасини амалга ошириши учун ички аъзолари билан бирга столга қўяди.

Ветеринария-санитария экспертизасида ичак-чавоқ тозалагандан сўнг ички аъзолар текширилади (юрак, жигар, қоражигар, тухумдон, уруғдон, ошқозон ва ичак).

Ички аъзолар ёки серозли қопламада патологик ўзгаришлар аниқланганида, сўйилган парранда ички аъзолари билан бирга конвеердан олинади ва синчиклаб текширилади. Агар патологоанатомик текшириш ташхис қўйиш имконини бермаса, гўшт ва аъзолари бактериологик текширувга юборилади.

Ичак-чавоғи ярим тозаланган паррандаларни ветеринария — санитария экспертизасида, уларни кўздан кечиргандан сўнг ветеринар шифокор (ходим томонидан олинган) ичакни текшириб, кўкрак қисмидаги кесим орқали (кесим узунлиги 3-4 см) кесим атрофидаги ички аъзоларни визуал равишда текширади. Патологик ўзгаришга эга парранда гўшти конвеердан олинади ва тўлиқ экспертизага юборилади.

Ичи тозаланган парранда ветеринария — санитария экспертизаси ўтказилганидан сўнг бу мақсадларда фойдаланишга рухсат этилган целофан, пергамент ёки полимер пленкага ўралган ичак-чавоқ (жигар, юрак ва ичи тозаланган мушакли қоринча, бўйин) ичи бўшатилган парранда ичига қўйилиши мумкин ёки парранда гўштидан алоҳида сотувга чиқарилиши мумкин.

Барча ҳолларда ичак, бўғиз, трахея, қизил ўнгач, мушакли ошқозон кутикуласи, тухум йўли, қоражигар, уруғдон, тухумдон, ўт қопи утилизацияга юборилади.

7-боб. Парранда танаси ва аъзоларининг алоҳида касалликларидаги ветеринария-санитария экспертизаси

156. Пастереллез. Ички аъзолар утилизация қилинади. Гўшт қайнатиш, қовуриш ёки консервалар учун қайта ишлашга юборилади. Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

157. Пуллороз — тиф. Ички аъзолар утилизация қилинади. Гўшт қайнатиш, ёки консервалар учун қайта ишлашга юборилади. Ўзгарган мушакли парранда кўкрак қорин қисмида қон қуйилиши ёки перитонитлар бўлганида утилизация қилинади.

158. Сил. Бир нечта ички аъзолар ёки алоҳида аъзолар силга чалинганида ва ориқликда парранда аъзолари билан утилизация қилинади.

Алоҳида аъзолар силга чалинса, лекин парранда танаси семизлиги нормал бўлса, ички аъзолари утилизация қилинади, гўшти эса қайнатишдан сўнг чиқарилади.

Туберкулинга ижобий таъсир этаётган, лекин сил билан зарарланиши бўлмаган сўйилган парранда қайнатилганидан сўнг чиқарилади ёки консерваларга қайта ишлаш учун юборилади.

Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

159. Юқумли ларинготрахеит. Юқумли бронхит. Зарарланган аъзолар ва гўшт қисмлари утилизация қилинади, гўшт ва аъзоларда ўзгаришлар бўлмаса, улар қайнатилади ёки гўштга консерва учун қайта ишлов берилади.

Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

160. Чечак. Умумийлашган жараёнда тана барча ички аъзолари билан бирга утилизация қилинади, фақат боши зарарланган бўлса, утилизация қилинади, тана ва аъзолари эса қайнатгандан сўнг чиқарилади ёки консервалар учун қайта ишланади.

Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

161. Сальмонеллез. Ички аъзолари утилизация қилинади, танаси эса қайнатгандан сўнг чиқарилади ёки консервалар учун қайта ишланади.

Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

162. Колибактериоз. Мушак ва ички аъзоларида (перикард, перигептит, аэросаккул, перитонит) патологик ўзгаришлар бўлганида, тана ички аъзолари билан утилизация қилинади.

Фақат ички аъзоларида ўзгаришлар бўлганида, гўшт қайнатилади ёки консерва тайёрлаш учун қайта ишлов беришга юборилади, ички аъзолар эса утилизация қилинади.

163. Аспергиллез. Ўпка ва мушак тўқималари зарарланганда, тана ва ички аъзолари утилизация қилинади. Ўпка зарарланганда фақат ички аъзолар утилизация қилинади.

164. Стафилококкоз. Бўғинлардан бири зарарланганда, зарарланган қисми олиб ташланади, гўшт эса қайнатгандан сўнг чиқарилади. Кенг тарқалган жараёнда (бўғинлардаги абсцесс, аъзолардаги ўзгариш) тана ва аъзолар утилизация қилинади.

165. Спирохетоз. Озиш ва ички аъзоларнинг патологик ўзгаришида, тана ва ички аъзолари утилизация қилинади.

Мушакларда патологик ўзгаришлар бўлмаганида, фақат ички аъзолар утилизация қилинади.

166. Энтерогепатит. Зарарланган аъзолар (жигар, безли ошқозон, бўғиз) утилизация қилинади.

167. Лейкоз. Марек касали. Ўсимталар. Анемия ёки сариқ бўлмаганида, мушакларда патологик ўзгаришлар бўлмаганда ёки ички аъзоларнинг қисман зарарланишида, улар утилизация қилинади, гўшти эса қайнатилади ёки консерваларга қайта ишланади. Умумлашган жараёнда ёки тери ва мушаклар зарарланганда ёки озиш мавжудлигида, зарарланиш даражасидан қатъи назар, парранда утилизация қилинади. Марек касаллигида пар ва пат дезинфекция қилинади.

168. Грипп, перитонит, кўкариш ва мушак тўқималарининг дегенератив ўзгаришлари, кўкрак қорин соҳасида қон қуюлиши бўлмаганида, тана ва зарарланмаган аъзолар қайнатилади.

Пар ва патлари дезинфекция қилинади.

169. Ньюкасл касали. Тана ва аъзолар утилизация қилинади. Зарарланганда гумон қилинган, лекин патологоанатомик ўзгаришлари бўлмаган парранда сўйилганида олинган гўшт ва ичак-чавоғи қайнатилади.

Пар ва патлари йўқ қилинади.

170. Ботулизм. Тана ички аъзолари билан бирга, пар ва пат йўқ қилинади.

171. Стрептококкоз. Тана ва ички аъзолар утилизация қилинади.

172. Орнитоз (пситакоз). Гўшт қайнатилади, ички аъзолар утилизация қилинади.

Пар ва патлари йўқ қилинади.

173. Листериоз. Бош ва зарарланган аъзолар утилизация қилинади. Гўшт ва зарарланмаган аъзолар қайнатилади.

Пар ва патлари йўқ қилинади.

174. Сарамас септицемия. Мушакларда ўзгаришлар бўлмаса, гўшти қайнатилади, ички аъзолари эса утилизация қилинади. Мушакларда патологик ўзгаришлар бўлганида, гўшт ва тана аъзолари утилизация қилинади.

175. Оёқ қичимаси. Таянмайдиган оёқ қисмлари утилизация қилинади.

176. Микоплазмоз. ҳаво қопларининг фиброз зарарланишида, тана утилизация қилинади; кўрсатилган зарарланиш бўлмаса, бош ва ички аъзолар утилизация қилинади, гўшт эса қайнатилади.

177. Некробактериоз, юқумли синусит. Септик жараёнда тана ва аъзолар утилизация қилинади. Фақат боши, бўйни зарарланганида улар утилизация қилинади.

178. Авитаминоз. Ориқлик ёки висцерал подагра бўлганида, тана ва аъзолари утилизация қилинади.

179. Ориқлик. Мушак тўқималарининг ёғ йиғиладиган жойларда илвираган шишлар бўлганида, мушак атрофияси ва қуруқлигида (бўғин, бел, ва бошқа жойлардан суяклари чиқиб қолиши), шунингдек, мушак тўқималари, талоғи, зираги оқариши ёки кўкаришида тана ва аъзолари утилизация қилинади.

180. Жароҳатлар, абсцесслар. Танада жароҳатлар, абсцеслар натижасида патологик ўзгаришлар бўлганида, зарарланган қисмлар, кенг зарарланишда эса бутун тана ички органлари билан бирга утилизация қилинади. Кичик зарарланишда, мушак тўқимасидан патологик ўзгаришлар кесиб ташланганидан сўнг гўштнинг бир қисми одатий технологик режимда консерва тайёрлаш учун юборилади ёки қайнатилади.

Янги жароҳатлар ва кичик янги қон қуйилишида, лекин атрофдаги тўқималарда яллиғланиш аломатлари бўлмаганида, барча ўзгарган тўқималар утилизация қилинади, қолган қисми эса чекловларсиз саноатда қайта ишлашга юборилади. Кўкрак суяги килида наминли жўжа — бройлерлар гўшти, тери қалинлашиш даражаси пастлигида чекловларсиз чиқарилади. Терисида яққол пуфак кўринишидаги шишли ичида шаффоф ёки қизғиш ва кўк суюқлик ва оқ фиброз масса бўлган намуналар кесиб ташланади ва утилизацияга юборилади, танаси эса ишлаб чиқаришда қайта ишлаш учун юборилади. Йирингли ёки яралар кесилиб, атрофидаги ўзгарган тўқима билан утилизация қилинади, гўшт эса қайнатишга юборилади ёки консервалар тайёрлашда ишлатилади. Наминларни махсус ўргатилган ходим олиб ташлайди.

181. Перитонитлар. Ички аъзолар, плевра ва қорин сероз қатламининг ўчоқли зарарланишида зарарланган аъзолар утилизация қилинади, гўшти эса қайнатилади, қовурилади ёки консервалар учун қайта ишланади.

Ички аъзолар ва кўкрак қорин бўшлиғининг сероз қоплами зарарланишли диффуз перитонитида ва қорин бўшлиғида серозли — фиброз ёки йирингли экссудат бўлганида, тана ва аъзолар утилизация қилинади.

182. Бегона ҳидлар. Дори ёки парранда гўштига ўхшамайдиган бошқа ҳидлар пайдо бўлганида, тана ва ички аъзолар утилизация қилинади.

183. Патулинотоксикох. Мушак ва ички аъзоларда патологик ўзгаришларда тана ва ички аъзолар утилизация қилинади. Мушакларда патологик ўзгаришлар бўлмаганида, фақат ички аъзолар утилизация қилинади.

8-боб. Қуёнлар сўйилганда ветеринария-санитария экспертизаси

184. Сўйишга олиб келинган қуёнлар ветеринария кўригидан ўтади. Сўйишдан олдин сақлаш, ветеринар текшируви, сўйиш ва қуёнларни қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида, агар у ерда махсус цехлар бўлмаса, махсус бинолар ажратилиб жиҳозланиши ва ветеринар шифокорлар учун иш жойлари ажратилиши керак.

Келтирилган қуёнлар партияси орасида юқумли ёки юқумли бўлмаган касалга чалинган ёки касалга чалинганликда гумонланган қуёнлар аниқланганида, улар соғлом қуёнлардан алоҳида сўйилиши керак (гоморрогик касалдан ташқари).

185. Қуёнлар сўйилганидан сўнг уларнинг ички аъзолари (ўпка, юрак, жигар, қоражигар, ичак), бошидаги мушаклар (цистицеркозга) ва танаси текширилиши керак. Танасини текширганда қони чиқиш даражасига, танасига ишлов бериш тозалигига, паталогоанатомик ўзгаришлар борлигига аҳамият бериш керак.

186. Қуёнлар касаллиги аниқланган ҳолатда, танаси ва ички аъзоларини санитария текшируви қуйидаги тартибда амалга оширилади.

187. Пастереллез. Ички аъзолари утилизацияга юборилади, гўшти эса қайнатишдан сўнг чиқарилади. Абсцесс мавжуд бўлганида, танаси ва ички аъзолари утилизация қилиниши керак.

188. Псевдотуберкулез. Озғинлик ёки мушакларда псевдотуберкулез зарарланиш аломатлари бўлса, танаси ва ички аъзолари утилизация қилиниши керак. Бундай аломатлар бўлмаса, гўшти қайнатилади. Зарарланган аъзолар утилизация қилинади.

189. Некробактериоз. Маҳаллий жараёнда зарарланган қисмлари, умумлашган зарарланишда эса — тана ички аъзолари билан утилизация қилинади.

190. Сил, туляремия, миксоматоз, стрептококкли септицемия, стафилококкозлар (юқумли мастит). Сўйилган қуён ички аъзолари ва териси билан утилизация қилинади.

191. Спирохетоз. Сўйилган қуённинг зарарланган гўшт ва аъзолари утилизация қилинади.

192. Фасциолез, цистицеркоз. Фасциолезда жигар утилизация қилинади. Мушаклар цистицеркоз билан зарарланганда, сўйилган қуён ва аъзолари утилизация қилинади.

193. Кокциодоз. Зарарланган аъзолар (жигар, ичак) утилизация қилинади.

194. Листериоз. Зарарланган аъзолар (юрак, жигар) ва боши утилизация қилинади. Гўшт қайнатгандан сўнг ажратилади. Териси дезинфекция қилинади.

195. Ауеска касали. Мушаклардаги дегенератив ўзгаришларда тана ва ички аъзолари утилизация қилинади. Дегенератив ўзгаришлар бўлмаганида, ички аъзолар утилизация қилинади, гўшт эса қайнатгандан сўнг чиқарилади. Териси дезинфекция қилинади.

9-боб. Якунловчи қоида

196. Мазкур қоидалар талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига
 
2-ИЛОВА

Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича ветеринария-санитария

НОРМА ВА ҚОИДАЛАРИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур норма ва қоидалар (кейинги ўринларда қоидалар деб аталади) ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича ветеринария-санитария норма ва қоидаларини белгилайди.

2. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

3. Бозорларда, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт маҳсулотлари билан савдо қилишга ветеринария-санитария хулосаси мавжуд бўлганда, тегишли тарзда чакана савдо ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга рухсат берилади.

Сотилаётган гўшт давлат ветеринария хизматининг ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвон гўштларининг ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган ягона электрон маълумотлар базасига белгиланган тартибда киритилган бўлиши керак.

Ушбу ягона электрон маълумотлар базасида қайд этилмаган гўштларни сотиш тақиқланади. Ягона маълумотлар базасида қайд қилинмаган гўшт сотилиши кузатилганда, ушбу гўшт келиб чиқиши номаълум ҳисобланади ва сотувдан олиниб, лаборатория текширувлари натижасига кўра қайта ишлаш учун фойдаланилади ёки утилизация қилинади.

4. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишлашни амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектлари маъмурияти «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё ветеринария-санитария нормаларига тўғри келишини назорат қилиш бўйича ишлаб чиқариш ветеринария хизматини ташкил этади.

5. Қайта ишлашга, сақлашга ва реализация қилишга келиб тушадиган ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёлар уларнинг хавфсизлигини ва келиб чиқишини тасдиқловчи ветеринария кузатув ҳужжатлари билан бирга бўлади.

6. Ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга топшириш, шунингдек, технологик ускуналар ёки линияларни ўрнатишда ҳамда янги турдаги гўшт (сут, балиқ) маҳсулотларини ишлаб чиқаришда объектга белгиланган тартибда бериладиган ветеринария-санитария хулосасини олиш зарур. 

2-боб. Асосий тушунчалар

гўшт маҳсулотлари — қиймаланган, қайнатилган, ярим дудланган, қайнатилган-дудланган, пишлоқли ва дудланган, ўпка-жигарли ва қонли колбасалар, гўштли нонлар, сосискалар, сарделькалар, паштетлар, шунингдек, чўчқа, қорамол, қўй, парранда ва бошқа сўйиладиган ҳайвонлар гўштлардан тайёрланган бошқа маҳсулотлар;

чакана савдо — тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз маҳсулотни охирги истеъмол учун оз миқдорда сотишни назарда тутувчи савдо соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш;

савдо шаҳобчаси — мулкчилик шаклидан, сотув ҳажмидан, иншоат ўлчамидан қатъий назар, маҳсулот ва хизматларни реализация қилиш учун мўлжалланган (мосланган) бино ёки иншоат;

чакана савдо савдо шаҳобчаларига: бозор, гипермаркет, супермаркет, савдо маркази, савдо мажмуаси, универсам, универмаг, минимаркет, гастроном, ихтисослаштирилган магазинлар, павильонлар, гўшт дўконлари ва бошқалар киради;

стационар савдо шаҳобчалари — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган жойларда муқим жойлаштирилган савдо объектлари (дўконлар, гўшт дўконлари ва павильонлар, умумий овқатланиш объектлари ва бошқалар);

сотувчи — савдо фаолияти билан шуғулланувчи ва сотиб олиш — сотиш шартномасининг томонларидан бири сифатида намойиш этилувчи юридик ёки жисмоний шахс.

3-боб. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишлашни амалга оширувчи қайта ишлаш объектларига қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари

7. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишлашни амалга оширувчи қайта ишлаш объектларида (кейинги ўринларда гўштни қайта ишлаш объектлари деб аталади), ишлаб чиқариш хоналарида технологик ускунани жойлаштиришда ўзаро контаминацияга йўл қўйилмайди.

8. Гўштни қайта ишлаш объектлари қуйидаги ветеринария-санитария мақсадларига мўлжалланган соз, ишчи ҳолатида бўлган объектлар билан жиҳозланади: 

гўшт ва гўштли маҳсулотни қайта ишлашга етказиб берувчи автотранспортни ювиш ва дезинфекция қилиш учун муқим дезювиш пункти ёки майдони, ёки дезинфекцияловчи барьер;

ҳайвонларни, ҳайвонотга мансуб маҳсулотларни ва хом ашёларни назорат қилиш ва ветеринария-санитария экспертизаси учун жиҳозланган ветеринария мутахассисларига мўлжалланган хоналар;

қайта ишлашгача гўшт ва сўйиш маҳсулотларини вақтинча сақлаш учун ажратилган совутиш камераси;

оқова сувларни зарарсизлантириш иншоатлари.

9. Ювиш бўлинмаси инвентарни, транспорт воситаларини ювиш учун сув ўтказмайдиган полларга, иссиқ буғ қувурларига, иссиқ ва совуқ сувларга ва каналларни ювиш ва дезинфекция қилиш учун канализация тизимига эга.

10. Ишлаб чиқариш цехлари (бинолари) ва санитария блокларидаги девор ва устун панеллари икки метрдан кам бўлмаган даражада кафелланади (юзасига ишлов берилади).

11. Шифт ва соябон устунлари юзасида кир, ёт жинсларнинг ва конденсатларнинг пайдо бўлишига ёки озиқ-овқат маҳсулотларида моғор пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.

12. Гўштни қайта ишлаш объектининг барча бинолар полининг юзаси текис ва силлиқ, сув ўтказмайдиган ашёлардан тайёрланган бўлиши керак.

13. Ювиш ва дезинфекция қилиш воситалари алоҳида бинода сақланади.

14. Омборхона хоналари тоза сақланади ва вақт-вақти билан дезинсекция ва дератизация қилинади.

15. Гўштни қайта ишлаш объектида технологик жараёнлар қуйидагиларни таъминлайди: 

хом ва тайёр маҳсулотлар ўзаро оқимининг кесишиши ва алоқасига (контакти) йўл қўймасликни;

қайта ишлаш учун келиб тушадиган хом ашё ва ёрдамчи материалларнинг ветеринария соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини назорат қилишни;

осилган ҳолатдаги гўшт нимталарининг девор, пол ва технологик жиҳозларга тегмаслигини; 

суюқликнинг қонсизлаштириш майдонларидаги оқова йўлакларига оқишини, сўйилган ҳайвоннинг нимталанмаган гўштини махсус эгилган новларда тозалаш ва ювишни;

озиқ-овқат хом ашёсини (ёғ хом ашёсини, ичаклар тўпламларини, озуқавий қонни, ён маҳсулотларни) санитария ишлови бериш имконини яратган ҳолда бир-биридан ажратишни;

ноозуқавий чиқиндиларни ўзига хос рангда бўялган ва ишлатиш мақсади тўғрисидаги ёзуви (маркировкаси) бўлган махсус идишда йиғишни;

ветеринария конфискатларини (ветеринария-санитария экспертизасида яроқсиз деб топилган гўштлар ва ички органлар) жиҳозланган алоҳида тушувчи жой ёки ажралиб турувчи ранглар билан бўялган махсус ҳаракатланувчи, ёпилувчи идишларда йиғишни;

сўйилган ҳайвонларда ўта хавфли касаллик тахмин қилинганда ёки аниқланганда ветеринария мутахассисларининг иш жойларидан «Стоп» тугмачаси орқали конвейерни зудлик билан тўхтатишни (технологик жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлса);

гўшт, суб маҳсулотлар ва бошқа сўйиш маҳсулотларини фақат уларга санитария ишлови берилиб, ветеринария-санитария экспертизаси ва тамғалаш ўтказилганидан сўнг совутгичга юборишни;

иш жойига иссиқ ва совуқ сув етказиб бериш, шунингдек, ичакларни сортлаш (ҳаво узатиш) учун сиқилган ҳавони узатишни.

16. Гўштни қайта ишлаш объекти маҳсулот турига қараб ҳароратни 0° дан 30° гача бошқариш ва ҳаво намлигини 60% дан 95% гача бошқариш имконини берувчи совутиш камералари ва музлатгичлар билан жиҳозланади.

17. Хом ашёни ва маҳсулотни сақлаш учун штабеллар деворлардан ва совутиш қурилмаларидан 30 см дан яқин бўлмаган жойларда жойлаштириш.

18. Тахламлар (штабел) орасида ўтиш жойлари жиҳозланади.

19. Совутилган гўшт осилган ҳолатда сақланади. Шартли равишда яроқли гўштлар ушбу мақсадлар учун мўлжалланган махсус музлатгич — изоляторларда ёки музлатгичнинг алоҳида камераларида сақланади.

20. Гўштни қайта ишлаш объекти ишлаб чиқариш цехларида оқова сувлар учун ички канализациянинг алоҳида тармоқлари билан жиҳозланадилар: ёғли, ёғсиз, маиший — хўжалик ва ифлосланмаган ишлаб чиқариш сувлари.

21. Оқова сувлар канализацияга ёки маҳаллий тозалаш иншоотларига юборилишларидан олдин механик тозаланади.

22. Ичида ёғ бўлган сувлар ёғтутгичлардан ўтказилади.

23. Оқова сувларни қабул қилиш учун мўлжалланган чуқур бетонланган бўлиши, ишлаб чиқариш биносидан камида 20 метр масофада жойлашган бўлиши, қопқоқ билан таъминланган бўлиши ва унинг тўлиш даражасига қараб 2/3 бўлганда тозаланиши керак.

24. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари поли, идишлари силлиқ ва маҳсулотнинг органолептик хусусиятларига ва соғлиққа таъсир қилмайдиган материаллардан тайёрланган бўлиши, тозалаш ҳамда дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши керак.

25. Транспорт воситалари ҳашоратлар ва чангдан, шунингдек суюқлик дренажларидан маҳсулотни самарали ҳимояловчи воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

26. Транспорт воситалари тана гўшти, ярим тана гўшти, чорак тана гўштини ташиш пайтида ерга тегмайдиган қилиб, осиб қўйиш учун зангламайдиган илгаклар билан жиҳозланган бўлиши керак. Бунда турли бўёқлар билан бўялган илгаклардан фойдаланиш тақиқланади.

27. Транспорт воситасида ҳайвонлар ёки бошқа маҳсулотлар ташилганидан сўнг ушбу транспорт воситасида ёки идишда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташишда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

4-боб. Сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектларига қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари

28. Сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектларида (кейинги ўринларда сутни қайта ишлаш объектлари деб аталади), ишлаб чиқариш хоналарида жойлаштиришда технологик жараёнларнинг ўзаро контаминациясига, қарши оқимга, ўзаро кесишишга йўл қўйилмайди.

29. Сут хом ашёсининг ҳарорати қайта ишлаш жойигача ташиш пайтида ва қайта ишлаш бошланишига қадар 8° бўлиши керак.

30. Қабул қилишда сут хом ашёсининг ҳарорати белгиланган ҳароратга мувофиқ бўлмаса, унга дарҳол ишлов берилади.

31. Ишчилар ва хизматчиларнинг махсус оёқ кийимини дезинфекция қилиш учун барча цехга олиб борувчи кириш (чиқиш) жойларида ва бошқа ишлаб чиқариш хоналарида дезинфекция қилувчи гиламчалар ўрнатилади.

32. Сутни қайта ишлаш объектлари санитария шартлари бажарилишини кафолатлаш учун иссиқ ва совуқ сув, канализация, сунъий ёритиш, вентиляция билан таъминланади.

33. Техник сув қувури ичимлик сув қувуридан ажратилган бўлиши керак. Иккала тизим ҳам бир-бири орасида боғланмаслиги керак, қувурлар турли рангларда бўялган бўлиши керак.

34. Сутни қайта ишлаш объектлари сув билан таъминлаш тизимига сув узатиш тўхтаганда сув билан таъминлашни кафолатлаш учун тоза сув захираларига эга бўлиши керак.

35. Ишлаб чиқариш хоналарининг деворлари, поллари ва шифтлари мустаҳкам, сув ўтказмайдиган материаллардан тайёрланади ва мунтазам равишда тозаланиб турилади.

36. Ишлаб чиқариш хоналарида чиқиндини йиғиш учун махсус металл ёки пластик қопқоқли идишлар ўрнатилади.

37. Оқова сувлар канализациянинг барча линияларидан алоҳида оқим тизимига юборилади ёки маҳсулотни қайта ишлаш, алоқа қилиш ёки сақлаш амалга оширилувчи жойларга ифлос сувлар келишининг олдини олиш учун етарли бўлган бошқа йўллар орқали чиқарилади.

38. Ювиниш хоналари, кийиниш хоналари, ҳожатхоналар маҳсулотни қайта ишлаш ёки сақлаш амалга оширилувчи хоналардан ажратилган бўлади, шунингдек яхши ҳолатда сақланади.

39. Технологик ускуналар, аппаратура, идиш — товоқлар, таралар, инвентар, пленка, ва полимер ва бошқа синтетик материаллардан тайёрланган, сут ва сут маҳсулотларини қадоқлаш учун мўлжалланган, озиқ-овқат учун рухсат этилган материаллардан тайёрланади. 

40. Ванналар, металл идиш-товоқлар, қияликлар, лотоклар, новлар ва бошқа идишлар силлиқ юзали, осон тозаланувчи, ювишни қийинлаштирувчи тирқишларсиз, чиқиб турган болтлар ёки михларсиз бўлиши керак. Ювилиши ва дезинфекция қилиниши қийин бўлган материаллардан, жумладан, тахтадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

41. Озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш столлари юзалари силлиқ, тирқишларсиз, озиқ-овқат билан алоқада бўлиш учун рухсат этилган материаллардан тайёрланади.

42. Технологик ускуналар ва аппаратура зарарли моддаларни ўз ичига олмаслиги ва маҳсулотнинг органолептик хусусиятларига таъсир кўрсатмаслиги керак.

43. Ускуналар, аппаратура ва сут қувурлари сут, ювиш ва дезинфекция қилиш эритмаларининг тўлиқ туширилишини таъминловчи ҳолатларда ўрнатилади. Барча сут ва сут маҳсулотлари билан тўқнашувчи қисмлари тозалаш, ювиш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлади. Металл сут қувурлари ечиладиган бўлади.

44. Ҳимоя қопламига эга бўлмаган шиша термометрларни ишлатишга йўл қўйилмайди.

45. Сут, қаймоқ, сметана ва бошқа сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун захиралар (творог ва пишлоқ ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган захиралар бундан мустасно) қаттиқ ёпилувчи қопқоқлар билан таъминланади.

46. Сут маҳсулотлари тайёрланадиган аппаратлар, ванналар ва бошқа жиҳозлар канализация тизимига сифонли воронка орқали оқим узилиши билан уланади.

47. Ускунанинг бевосита канализация билан уланиши ҳамда сувнинг ундан полга оқиб кетишига йўл қўйилмайди.

48. Инвентарларни, идишларни, транспорт воситаларини ювиш ва дезинфекциялаш учун махсус ювиш хоналари жиҳозланиб, уларнинг поли сув ўтказмаслиги, шунингдек уларда буғ, иссиқ ва совуқ сув қувурлари ўтказилган бўлиши, оқова сувларнинг чиқиб кетиши учун дренаж ва вентиляция тизими ўрнатилган бўлиши лозим.

49. Фильтрловчи материалларни ҳар бир ишлатгандан сўнг ювиб, дезинфекциялаб туриш лозим.

50. Сутни алоҳида хўжалик юритувчи субъектлардан қабул қилиб олганда, фильтрловчи материаллар ҳар бир етказиб берувчидан сут олингандан кейин ювиб, дезинфекцияланади.

51. Сутни узлуксиз равишда автоматик хисоблагич орқали қабул қилиб олганда, фильтрларни ювиш ва дезинфекциялаш ҳар бир сменада камида 1 марта амалга оширилади. Даврий равишда сутни қабул қилишда фильтрларни ювиш ва дезинфекциялаш сутни қабул қилишдаги ҳар бир танаффусда амалга оширилади.

52. Сут цистерналари ҳар сафар сутдан бўшатилганидан кейин ювилиши ва дезинфекцияланиши лозим. Ювилгандан кейин цистерналар пломбаланади ва бу ҳақда йўл ҳужжатида тегишли белги қўйилади.

53. Барча сут ва сут маҳсулотларини қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнлари яхшилаб тозаланган ҳамда ифлосланиш ва бузилишдан, шунингдек, бегона жисм ва моддаларнинг тушиб қолишидан ҳимояланган шароитларда амалга оширилади.

54. Бевосита сутни қабул қилишдан олдин цистернанинг сут қувурлари ва штуцерлари дезинфекцияланади ва ичимлик сув билан чайилади. Сутни қабул қилиш якунлангандан сўнг сут қувурлари ювилади, дезинфекцияланади, тиқин ёки сув ўтказмайдиган ғилоф ёрдамида ёпилади ҳамда кронштейнга осиб қўйилади. Цистерна қувурларига ишлов бериш учун ювиш ва дезинфекциялаш эритмалари махсус идишларда сақланади.

55. Хом ва пастеризация қилинган сутни сақлаш учун алоҳида идишлар, сутни етказиш учун эса алоҳида сут қувурлари кўзда тутилган бўлиши керак.

56. Хом ва пастеризация қилинган сутни сақлаш учун идишлар белгиланган бўлиши лозим.

57. Маҳсулотга ишлов бериш даврида хоналарни таъмирлаш ишлари ва дезинфекция қилишга, ишлаб чиқариш цехларида таъмирлаш асбобларини қолдиришга рухсат берилмайди. Ишлаб чиқариш жараёни давомида фақат кўчма (ҳимояловчи) экранлар ёрдамида ўраб олиш мажбурияти билангина жиҳозларни таъмирлашга рухсат берилади.

58. Ҳар бир цехда синадиган жисмларнинг ҳисоби олиб борилиши ҳамда сут маҳсулотларига ёт жисмларнинг тушиб қолиши тўғрисида огоҳлантириш бўйича йўриқномадан кўчирма бўлиши лозим.

59. Совутиш камераларида барча юклар (идишда) панжараларга ёки поддонларга ётқизилиб, улар даврий равишда ювиб, дезинфекцияланиб турилади. Маҳсулотларни флягаларда сақлашга рухсат берилади.

5-боб. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва қайта ишлашни амалга оширувчи объектларга қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари

60. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашни амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектларида (кейинги ўринларда балиқ ишлаб чиқариш объектлари деб аталади) технологик жараёнларнинг оқими ҳамда хом ашё ва чиқиндилар оқимининг тайёр маҳсулот оқимидан кесишуви имкониятининг йўқ қилиниши таъминланади.

61. Балиқ ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлади:

конструкцияси тоза ва ифлосланган зоналарга ажратилишини таъминловчи иш цехлари;

қуйидагиларга эга бўлган маҳсулотни қайта ишлаш ва ишлов бериш учун цехлар:

сув ўтказмайдиган, тозалаш, дезинфекция қилиш, сув оқиб чиқиши учун қулай пол қопламалари, сув оқиб чиқишини таъминловчи қурилма;

тозалаш учун қулай бўлган устки девор ва унинг юза қопламаси;

тозалаш учун қулай бўлган мустаҳкам материалдан ясалган эшиклар;

тегишли тартибдаги вентиляция тизими, зарур ҳолларда, ҳаво сўриш тизими;

яхши сунъий ва табиий ёритиш;

қўлларни ювиш ва дезинфекциялаш учун етарли миқдордаги қурилмалар;

хоналар, қурилмалар ва бошқа жиҳозларни тозалаш учун қурилма;

балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш камералари;

ҳашаротлар, қушлар ва сичқонлардан ҳимоя қилиш учун жиҳозлар;

тозалаш ва дезинфекция учун қулай бўлган асбоб ва ишчи жиҳозлар (коррозияга чидамли материалдан ясалган ишлов бериш столлари, контейнерлар, конвейерлар, пичоқлар ва трансортерлар);

истеъмол қилиш учун яроқли бўлган балиқ маҳсулотлари учун махсус сув ўтказмайдиган, коррозияга чидамли контейнерлар, шунингдек, агарда контейнерлар кун охиригача бўшатилмайдиган бўлса, уларни сақлаш учун хоналар;

махсус тизим ёрдамида тозаланувчи керакли ичимлик сув ёки денгиз суви захиралари билан таъминловчи қурилма;

ташиш воситаларини тозалаш ва дезинфекция қилиш қурилмаси;

агарда балиқ ишлаб чиқариш объектида қисқичбақасимон балиқлар ва тирик балиқлар сақланадиган бўлса, зарарли организм ёки моддалар билан ифлосланмаган сув билан таъминлаш учун тегишли қурилма;

силлиқ, сув ўтказмайдиган, ювиладиган девор, полга эга бўлган керакли миқдордаги қўл ювгичлар, ҳожатхоналар ва кийим алмаштириш хоналари; ҳожатхона эшиклари тўғридан-тўғри иш цехларига очилмаслиги лозим. Қўл ювгичлар тозалаш воситалари ва бир марталик фойдаланиладиган сочиқлар билан таъминланган бўлиши лозим; 

жўмраклар (кранлар) қўлда бошқарилиши лозим. 

62. Балиқчилик маҳсулотлари билан ишлашда фойдаланиладиган пол, деворлар, устки девор ёки устки девор юза қопламаси, жиҳоз ва асбоблар доимо тоза ва соз ҳолатда сақланиши лозим. 

63. Ишлаш цехлари, асбоблар ва жиҳозлардек фақат балиқчилик маҳсулотлари билан ишлаш учун фойдаланилиш лозим. 

64. Балиқ ва балиқ маҳсулотларининг микробиологик ва паразитологик контаминацияси ҳамда кимёвий ифлословчи моддалар, заҳарли элементлар, пестицидлар, радионуклинлар, бошқа зарарли моддалар ва уларнинг қолдиқларининг бўлишига йўл қўйилмайди.

65. Балиқ ишлаб чиқариш объектида балиқ ва балиқ маҳсулотларининг ветеринария-санитария назорати ҳамда хавфсизлигининг, шунингдек, тозалаш, ювиш ва дезинфекциялар сифатининг назорати амалга оширилади.

66. Балиқ ишлаб чиқариш объектларидаги ишлаш зоналари балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва ишлов бериш учун кенг жойга эга бўлиши, осон тозаланиши ва дезинфекцияланиши, исталган маҳсулот контаминациясининг олдини олиш учун қулай ҳолда қурилган бўлиши лозим.

67. Балиқ ишлаб чиқариш объектида тайёр маҳсулотни сақлаш учун алоҳида зона ташкил этилади.

68. Қадоқлаш материаллари маҳсулот тайёрлаш ва ишлов бериш зоналаридан алоҳида сақланади.

69. Балиқчилик маҳсулотлари муз ёки совутилган сувда сақлангандан кейин бир соатдан кечиктирилмаган ҳолда совутилади. 

70. Тоза балиқчилик маҳсулотларини ташиш ва сақлаш учун контейнерлар тоза бўлиши, шунингдек, маҳсулот эриши натижасида пайдо бўлган сувларнинг оқиб чиқишини таъминлаши лозим.

71. Маҳсулотлар бузилишининг олдини олиш учун музларни эритиш натижасида пайдо бўлган сув оқиб чиқиш тизими назарда тутилган бўлиши керак. Музларни эритиш пайтида маҳсулот ҳарорати ҳаддан ортиқ кўтарилмаслиги лозим.

72. Балиқларни дудлашда зарур бўлган ҳолларда, вентиляция тизими билан жиҳозланган, бошқа хона ва жойларда тутун ва иссиқлик тўпланиб қолишининг олдини олувчи алоҳида хоналар ёки махсус ажратилган жойлар кўзда тутилган бўлиб, у ерда маҳсулотларга ишлов берилади, қайта ишланади ва сақланади.

73. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини тузлаш бошқа операциялар бажариладиган цехлардан алоҳида бўлган хоналарда амалга оширилади. Тузлаш учун ишлатиладиган контейнерлар (чанлар) шундай жойлаштирилган бўлиши керакки, унинг ифлосланиш имконияти бартараф қилиниши, фойдаланишдан олдин эса тозаланиши лозим.

74. Чиқиндиларни сақлаш камераларидан инсонлар томонидан истеъмол қилиш учун яроқсиз бўлган балиқчилик маҳсулотлари чиқиндиларини йўқ қилиш учун балиқ ишлаб чиқариш объекти махсус йўқ қилиш қурилмаси билан жиҳозланади.

75. Балиқ ишлаб чиқариш объектида балиқ маҳсулотларига ишлов бериш билан машғул бўлган ходимлар учун қўл ювиш қурилмалари ўрнатилган бўлиши лозим.

76. Балиқчилик маҳсулотлари тоза совутилган сувда кема бортида уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда сақланади.

77. Совутиш камераларининг ички деворлари ва устки девори уларга балиқчилик маҳсулотларини юклашдан олдин санитария ишлов берилишидан ўтказилиши лозим.

78. Совутиш камераларида ва музлатгичларда балиқчилик маҳсулотларини штабел ёрдамида жойлаштириш учун панжара ва поддонлар полдан камида 8 см баландликда жойлаштирилиши лозим.

79. Штабеллар девордан, совутиш қурилмаларидан ҳамда бир-биридан камида 30 см масофада жойлаштирилиши лозим.

80. Музлатилган балиқ ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим:

ишлов бериш участкасида ичимлик ва тоза сувнинг бўлиши;

маҳсулотнинг ички ҳарорати — 18оСга етгунига қадар, уни музлатиш ҳарорати — 30оСдан юқори бўлмаслиги; 

-12о Сдан юқори бўлмаган ҳаво ҳароратида навагаларни тутиш жойларидаги табиий шароитларда маҳсулотларни яхши шамоллатиладиган ёки шабада эсиб турадиган хоналарда музлатиш;

керакли ишлаб чиқариш босқичлари якунига етказилганидан кейин балиқ ва балиқ маҳсулотлари музлатилади; 

хом ашё ишлаб чиқаришга келиб тушганидан сўнг ва ишлов бериш учун олингунига қадар балиқни музлатгичда сақлаш давомийлиги 4 соатдан ошмаслиги лозим. 

81. Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида олинган чиқиндилар сув ўтказмайдиган маркаланган сиғимларга йиғилиб, тўпланган чиқиндилар ишлаб чиқариш хоналаридан олиб чиқилади.

82. Чиқиндилар совутиш камераларидаги хом ашё ва тайёр маҳсулотдан алоҳида сақланади.

83. Чиқиндилар ёпиқ сиғимларда икки соатдан кўп бўлмаган вақт давомида совутилмаган ҳолда сақланади.

84. Балиқда ишлов берилган ҳудудга мансублиги тўғрисидаги ахборот туширилган бўлади. 

85. Озиқ-овқат хом ашёси ҳамда ёрдамчи материалларни полда сақлашга йўл қўйилмайди.

86. Омборхона бинолари тоза ҳолатда сақланиши ва вақти-вақти билан дезинфекция ва дератизация қилиб турилиши керак.

87. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун хона ва жиҳозларда ҳарорат кўрсаткичларини ёзиб борувчи термометрлар ўрнатилади.

88. Транспорт воситалари маҳсулотни ҳашаротлар ва чангдан самарали ҳимоя қилувчи воситалар ҳамда сув ўтказмайдиган назорат-ўлчов асбоблари билан жиҳозланади.

89. Совутилган балиқ эрийдиган муз ҳароратига яқин бўлган ҳароратда сақланади.

90. Музлатилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари — 18оСдан юқори бўлмаган ҳароратда сақланади.

91. Консерва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган музлатилган балиқ — 9оСдан юқори бўлмаган ҳароратда ажратилмаган тузланган ҳолда сақланади. 

92. Тирик балиқ реализация қилиш муддатларини чекламаган ҳолда, унинг яшаб қолишини таъминлайдиган шароитларда сақланади.

93. Балиқ ва балиқ маҳсулотлари сув сифатини ўзгартириб юбормайдиган материаллардан ясалган сиғимларда сақланади.

6-боб. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни сақлашни амалга оширувчи объектларга қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари 

94. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни сақлаш объектларидаги (кейинги ўринларда сақлаш объектлари деб аталади) хоналарда барча турдаги ҳайвонларни, ҳайвонларнинг эмбрионлари ва спермаларини, уруғлантирилган икра, инкубацион тухум, шунингдек, чорва ҳайвонларидан олинадиган техник хом ашёни (шу жумладан жун, мўйна, пўстин, пат, эндокрин ва ичак хом ашёси, муяклар, бошқа хом ашё турлари), ем ва қўшимча озуқа моддалари, зоология, ҳайвонлар анатомияси ва палентологияси бўйича коллекция ва коллекцияланган буюмларнинг жойлаштиришга рухсат берилмайди.

95. Сақлаш объектлари ишлаб чиқариш ҳажмига қараб етарли даражада омборхона хоналари билан таъминланади.

96. Ўтиш йўллари, йўлаклари ва йўловчилар йўлкалари, юклаш-тушириш майдончалари ва йўлаклари қаттиқ қоплама (асфальт, бетон) билан қопланган, текис, сув ўтказмайдиган, ювиш ва дезинфекциялаш имкониятига эга, эриган ва ювилган сувларнинг канализация тизимига оқиб кетишини таъминловчи қияликда бўлиши лозим.

97. Омборхонада товарларни ветеринария кўригини амалга ошириш учун хона ажратилиб, улар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлади:

ветеринария назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган техник воситалар;

товарларнинг ветеринария кўригини амалга ошириш (жумладан, уларни тўлиқ тушириш) учун керак бўладиган юклаш-тушириш техникаси;

зангламайдиган пўлатдан ясалган маҳсулотларни эритиш учун стеллажлар мажмуаси ҳамда столлар.

98. Товарларнинг ветеринария кўригини ўтказиш учун хона деворлари текис ва мустаҳкам, пол эса сув ўтказмайдиган бўлиши лозим бўлиб, унда етарли миқдорда дренаж тешиклари бўлиши, ҳаво ҳарорати 21оС дан ошмаслиги лозим. Омборхона ёритиш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, шунингдек, бошқа иш учун керакли шароитлар билан таъминланган бўлиши лозим. 

99. Идишлар, инвентарлар, транспорт воситаларини ювиш ва дезинфекциялаш учун совутиш камераларидан ажратилган махсус хоналар жиҳозланиб, унинг поли сув ўтказмаслиги, унда иссиқ ва совуқ сув, канализация, ёритиш ва вентиляция тизими ўтказилган бўлиши, шунингдек, ювиш агрегати билан таъминланган бўлиши лозим.

100. Омборхонадаги ишлаб чиқариш хоналари, камералар ва бошқа объектларни тозалаш инвентари ҳожатхонани тозалашда ишлатиладиган инвентардан алоҳида сақланиши керак. 

101. Ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хом ашёни сақлаш учун махсус сақлаш шароитларига эга бўлган хона ва жиҳозлар ушбу маҳсулотнинг сақлаш шароитларини назорат қилиш учун назорат-ўлчов асбоблари билан таъминланган бўлиши лозим.

102. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда совутиш орқали ишлов бериш ҳамда маҳсулотларни сақлаш учун махсус тайёрланган совутиш камералари ва музлатгичлар қўлланилади. Совутиш камералари ва музлатгичларнинг ҳажми ва сони объектларнинг ишлаб чиқариш қувватини ҳамда улар маҳсулот турига қараб ҳароратни -30оСда 0оС гача, ҳаво намлигини эса 60% дан 95% гача созлаш таъминлашини ҳисобга олган ҳолда танланади.

103. Совутиш камералари ва музлатгичларнинг ички деворлари ва юқори деворига уларга гўшт ва гўшт маҳсулотлари юкланишидан олдин санитар ишлов берилиши лозим. 

7-боб. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёлар реализацияси билан шуғулланувчи объектларга қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари

104. Қуйидаги ҳолларда ер участкасида объектнинг қурилишини лойиҳалаштиришга рухсат берилмайди:

агарда унда олдин чорва моллари ёки зарарли чиқиндилар кўмилган бўлса;

радиация хавфсизлиги нормалари ошиб кетган бўлса; 

ер участкасида куйдирги касаллигининг тупроқ ўчоқлари, ушбу касаллик бўйича стационар носоғлом пунктлар жойлаштирилган бўлса;

саноат ва шахсий мақсадда ишлатиладиган объектлардан санитария ҳимоя ҳудудларини ташкил этиш имкониятлари бўлмаса. 

105. Барча хоналар хом ашёнинг ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг, ходимлар ва ташриф буюрувчиларнинг оқими, ҳаракатланиши ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади. Реализацияни амалга оширувчи объект ҳудудига чорва ҳайвонларидан олинадиган маҳсулот ва хом ашёни киритиш учун алоҳида кириш жойи қўйилиб, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хом ашёнинг ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияларида ва кейинчалик реализация жойига қараб бир томонлама ҳаракатланишини таъминлайди.

106. Ҳар бир хоналар гуруҳи алоҳида блокда бирлашади: юклаш, омборхона хоналари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотув учун тайёрлаш хоналари, маъмурий-маиший, ёрдамчи, савдо хоналари

107. Савдо ҳудудида умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ҳамда ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси учун ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё билан савдо қилиш учун алоҳида майдончалар (гўшт, балиқ, сут ва бошқа маҳсулотларини алоҳида сотиш жойлари) ажратиб қўйилади. 

108. Омборхона зонасида озиқ-овқат товарларини сақлаш учун жойлар, совутиш қурилмалари жойлаштирилган бўлади.

109. Юкловчи, омборхона биноларининг, маҳсулотларни сотувга тайёрлаш хоналари, савдо залларининг жойлаштирилиши улар орасидаги технологик боғлиқлик ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. 

110. Объектнинг ички қисмини пардозлаш ишлари заҳарсиз, ювиш ва дезинфекциялаш воситаларига чидамли бўлган пардозлаш материалларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

111. Савдо заллари, қадоқлаш хоналари, ювиш хоналари, совутиш камералари, санитария узелларининг деворлари ювиш ва дезинфекциялаш воситаларига чидамли бўлган материаллар билан қопланади.

112. Поллар намга чидамли ва намликни ўтказмайдиган, санитария ишлови берилиши имконини берувчи бутун материаллардан тайёрланади. Юкларни тушириш хоналаридаги, автомобиллар майдончасидаги қопламлар қаттиқ сув ўтказмайдиган материалларидан тайёрланади. Ювиш хоналари, ҳожатхона ва ҳаммомларда сувнинг сув чиқариш тизимига чиқариб ташланишини таъминлаш учун трапларни ўрнатиш кўзда тутилади.

113. Бутун, иккига ёки тўртга бўлинган гўшт бўлаклари билан савдо қилиш ташкил этилган объектларда майдони камида 10 метр квадратни ташкил қилувчи гўштларни майдалаш хонаси ажратилиб, унда қўл ювгич ҳамда қўшимча совутгичлар ўрнатилган бўлиши лозим. 

114. Тез бузилувчи маҳсулотлар билан савдо қилиш объектлари хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида сақлаш учун совутиш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотлари захираси совутиш қурилмасининг сиғимини ҳисобга олган ҳолда омборхонага жойлаштириш нормаларига мувофиқ бўлиши лозим.

115. Объект раҳбарияти (эгаси) қуйидагиларни таъминлайди: 

Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёнинг, шунингдек, ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиши; 

Ўзбекистон Республикасининг ветеринария (ветеринария-санитария) қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатларининг талабларига мувофиқ лабораторияларда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилган гўшт, ҳайвонотга мансуб бошқа маҳсулотлар билан савдо қилиш учун тегишли шароитлар яратишни;

савдо шаҳобчаси ҳудудида лаборатория томонидан яроқсиз деб топилган тегишли маҳсулотларни зарарсизлантириш учун автоклав ўрнатилган ва алоҳида изолятор хонани ажратишни;

лаборатория текширувлари натижаларини олгунга қадар гўшт, гўшт маҳсулотларини вақтинча сақлаш учун алоҳида изоляцияланган совутиш камерасини таъминлашни;

истеъмол учун яроқсиз деб топилган гўшт, гўшт маҳсулотлари, жумладан мусодара қилинган маҳсулотлар, ҳайвонотга мансуб бошқа маҳсулотларнинг утилизация қилинишини амалга оширишни;

санитария кунларини ўтказишни, ҳудуд, савдо жойлари, бошқа ёрдамчи хоналар, совутгичлар ва бозор инвентарларининг доимий тозаланишини ва дезинфекция қилинишини амалга оширишни;

Ўзбекистон Республикасининг ветеринария (ветеринария-санитария) қоидалари, йўриқномалари ва ветеринария соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган профилактика ва мажбурий чора-тадбирларни амалга оширишни.

Савдо объекти ва турғун савдо шаҳобчаларида ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси бўлмаган тақдирда, маҳсулотлар экспертизасини ўтказиш шартнома асосида яқинда жойлашган бошқа ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан амалга оширилади.

8-боб. Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва реализация қилишга қўйилган талаблар

116. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар бир партиясига қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, сақлаш, ташиш шартлари ва яроқлилик/сақлаш муддати тўғрисидаги ахборот, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларида эса тайёрланган вақт ва сана кўрсатилган накладной қоғозлар, маҳсулотни сақлаш ҳарорати ва уни реализация қилишнинг якуний муддати кўрсатилган ҳужжатлар бириктириб юборилади.

117. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш жойларига етиб келиши тоза, қуруқ, бегона ҳид бўлмаган ва яхлитлиги бузилмаган идиш ва қадоқда амалга оширилади.

118. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва реализацияга тайёрлаш учун объект хом ашёни, тайёр маҳсулотни, қадоқлаш ва ёрдамчи материалларни алоҳида сақлаш учун совутиш ускуналари билан жиҳозланган омборхона бинолари билан таъминланиб, шунингдек осон ювилиши ҳамда дезинфекция қилиниши мумкин бўлган материаллардан, полдан баландлиги камида 15 см бўлган тайёрланган қаватлар, стеллажлар, товарларни жойлаштириш расталари ва контейнерлар, совутиш камералари, буғланган сувларни йиғиш ва чиқариб юбориш тизимлари, керак бўлган ҳолларда эса, оқартирилган ёки зангламас пўлатдан ясалган илгаклар ўрнатилган осма балкалар билан жиҳозланади.

119. Объектлардаги барча озиқ-овқат маҳсулотлари объектлардаги полдан камида 15 см баландликда жойлашган стеллажларда, поддонларда, товар расталарида сақланади. Озиқ-овқат маҳсулотларини полда сақлашга йўл қўйилмайди.

120. Озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш учун мўлжалланган хонада бошқа ноозиқ-овқат материалларини биргаликда сақлашга рухсат берилмайди.

121. Ўзига хос ҳидга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари (балиқ, пишлоқ ва бошқалар) бегона ҳидни ўзида сингдириб олувчи маҳсулотлардан (хом гўшт, сариёғ, тухум ва бошқалар) алоҳида сақланади.

122. Хом маҳсулотларнинг (гўшт, парранда гўшти, балиқ, тухум ва бошқалар) истеъмол учун тайёр бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр, лекин қадоқланмаган маҳсулотлар билан биргаликда сақланишига, хавфли озиқ-овқат маҳсулотларининг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга сақланиши, шунингдек, уларнинг сув қувурлари ва канализация қувурлари, иситиш қурилмалари яқинида, омборхона биноларидан ташқарида сақланишига рухсат берилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг бевосита полда жойлаштирилишига рухсат берилмайди.

123. Қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг алоҳида сақлаш шартларига амал қилиш таъминланади:

совутилган ва музлатилган гўштни (бутун, икки ёки тўрт бўлакка бўлинган, майдаланган) сақлаш илгакларда осган ҳолда амалга оширилиб, бунда гўшт бўлакларининг бир-бирига, хона деворлари ва полига тегишига йўл қўйилмайди.

Блоклардаги (ёки идиш (тара)ларга жойлаштирилган) гўштни стеллажларда, товар жойлаштириш расталарига ва контейнер қутиларга жойлаштиришга рухсат берилади. Гўштли ярим фабрикатлар, субмаҳсулотлар, музлатилган ва совутилган парранда гўшти махсус идишда сақланади, штабелни жойлаштиришда ҳаво циркуляцияси таъминланади;

совутилган балиқ етказиб бериш идишида 0 оСдан — 2 оС гача бўлган ҳароратда сақланади. 

124. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳарорат режимларини назорат қилиш учун барча совутиш қурилмалари термометр билан жиҳозланган бўлиши лозим.

125. Норматив ва техник ҳужжатлар ва техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган, истеъмол учун яроқсиз деб топилган, аҳоли саломатлигини хавф остига қўювчи озиқ-овқат маҳсулотлари сотувдан олиб ташланади. Унинг кейинчалик ишлатилиши ёки йўқ қилиниши тўғрисидаги қарор давлат ветеринария инспекторлари томонидан қабул қилинади.

126. Ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёларни фақат ветеринария-санитария экспертизасининг натижалари бўйича, маҳсулотга тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлган ҳолдагина ишлов берилмаган ва қайта ишланмаган ҳолда озиқ-овқат мақсадларида қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва аҳолига реализация қилиш учун рухсат берилади.

127. Суюқ озиқ-овқат маҳсулотларини (сут, сметана, творог, ўсимлик мойи ва бошқалар) чиқаришда маҳсулотларни сотувчининг идишидан қайтиб умумий идишга қуйишга йўл қўйилмайди. Сут, сметана, творог солинган идишдан қуйиш учун савдо инвентари қолдирилади, махсус идишда сақланади, ҳар куни ювиб турилади.

128. Сутни қайта ишлаш объектлари томонидан флягада етказиб бериладиган сутни реализация қилишда бўшаган идишга ишлаб чиқарувчи корхонасида ишлов берилиб, у дастлабки реализация жойларида қўшимча равишда ювилиши лозим.

129. Объектларда қуйидагиларни қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга йўл қўйилмайди:

келиб чиқиши, сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари;

тақдим қилинган маълумотга мувофиқ келмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари;

озиқ-овқат маҳсулотларининг қалбакилаштирилиши;

озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг ҳарорат ва намлик шартларига амал қилиш учун имкониятлар бўлмаганда;

патлари юлинмаган парранда, хўжалик юритувчи субъектлардан олинган, сальмонеллез бўйича носоғлом бўлган тухум, қобиғи ифлосланган, қобиғи дарз кетган тухум, ўрдак ва ғоз тухумлари; 

ветеринария тамғаси бўлмаган ҳамда ветеринария ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган гўшт, шунингдек, шартли равишда яроқли бўлган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё ҳамда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтмаган маҳсулотлар.

130. Тоза балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш ва реализация қилиш учун объект ажратилган совутгичлар билан таъминланган бўлиши лозим.

131. Тухумларни қадоқланмаган ҳолда истеъмолга тайёр бўлган маҳсулотларни реализация қилувчи бўлинмаларда (секцияларда) реализация қилишга йўл қўйилмайди.

132. Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг озиқ-овқат хом ашёси ва пишмаган озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда ташилишига йўл қўйилмайди.

133. Йилнинг иссиқ фаслларида тез бузилувчи маҳсулотларни ташиш 6 оС даражадан юқори бўлмаган ҳароратда қуйидаги ҳолатда амалга оширилади:

совутувчи кузовга эга бўлган махсус транспорт воситаларида 6 соатдан кўп бўлмаган вақт давомида;

совутгичга эга бўлмаган изотермик кузовларда 1 соатдан кўп бўлмаган вақт давомида.

134. Гўштни ташиш авторефрижераторларда: тиниб совутилгани 6 оС ҳароратда, музлатилгани 0 оС ҳароратда амалга оширилади.

135. Гўшт маҳсулотларини автомобиль транспорти билан ташишга фақат совутилган, музлатилган ёки тинган ҳолатдагина рухсат берилади. 6 соат давомида тиндирилган ва юзаси қуришни бошлаган, буғлатилган ёки музлари эритилган гўшт маҳсулотларини ташишга рухсат берилмайди.

136. Автомобиллар, жумладан, махсус автомашиналар (гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган рефрижераторлар) тегишли тарзда жиҳозланган бўлиши лозим.

137. Гўшт маҳсулотларини ташишга қуйидаги шартларга амал қилингандагина рухсат берилади:

майдаланган гўштлар белгиланган талабларга мувофиқ ажратилган (қорамол ва бошқа йирик ҳайвонларнинг гўшти — тўртга бўлинган бўлиши, чўчқа гўшти — узунасига иккига ажратилган ёки бутун бўлиши, қўй ва эчки гўшти бутун бўлиши) ҳамда калласидан ажратилган бўлиши лозим;

майдаланган гўштларда ҳеч қандай механик зарар етказилмаган бўлиши, қон оқиб кетган, урилган жойлари, қон излари, ошқозон-ичак тракти таркибидаги аъзолари ва бошқалар, шунингдек, ички ва ташқи юзаларида, бўйин қисмида шокилалари, ички аъзоларининг қолдиқлари бўлмаслиги лозим;

музлатилган гўшт блокларини пергамент ёки ушбу мақсадларда қўлланиладиган бошқа материалларга ўралган ҳамда тегишли идишда (тара) қадоқланган ҳолда ташишга рухсат берилади;

ҳар бир майдаланган гўшт ва унинг алоҳида қисмларида (яримтадан, тўрттадан майдаланган гўштлар) ветеринария-санитария экспертизасининг аниқ кўриниб турувчи ва белгиланган шаклга эга бўлган тамғаси бўлиши лозим;

қиймалаб тайёрланган, қайнатилган, ярим дудланган, қайнатиб-дудланган, хом дудланган, ўпка-жигарли ва қонли колбасалар, гўштли нонлар, сосискалар, сарделкалар, зельцлар, студнялар, паштетлар, шунингдек, бошқа маҳсулотлар ушбу мақсадлар учун махсус мўлжалланган қадоқлаш материаллари ёки идишларга (тара) ўраб қўйилган бўлиши лозим. 

138. Совутилган ҳамда музлатилган гўшт маҳсулотларини нефть маҳсулотлари ёки бошқа ҳид чиқарувчи моддалар сингдирилган (ёки ифлосланган) кузовли автомашиналарда, шунингдек, ўзига хос ўткир ҳидга эга бўлган бошқа маҳсулотлар билан бирга ташиш тақиқланади. 

139. Гўшт маҳсулотларининг сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган заҳарли кимёвий моддалар, қурилиш материаллари, ёқилғи-мойлаш материаллари, ишқорлар, кислоталарни гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган махсус автотранспортларда ташиш қатъиян ман этилади.

Гўштни одам ва юк ташишга мўлжалланган енгил, ўрта ва оғир транспорт воситаларида ташиш тақиқланади. 

140. Тиниб қолган, совутилган ва музлатилган гўшт маҳсулотларини махсус рефрижератор машиналарда ташишда мазкур транспорт воситаси учун белгилаб қўйилган техник шартларга (гўшт маҳсулотини қўйиш ёки осиш тартиби, ҳарорат режими, совутиш тизимининг ишчи ҳолати ва бошқалар) амал қилиниши шарт.

141. Тирик балиқ термоизоляция, муз учун махсус сиғимга, шунингдек, сувни ҳаво билан тўйинтириш қурилмасига эга бўлган цистернали автомобилларда ташилади.

9-боб. Бозор ва савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчаларида гўшт маҳсулотларини реализация қилишга қўйиладиган талаблар 

142. Сўйиладиган ҳайвонлардан олинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларини тегишли шароитлар яратилган бозор, савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчаларида реализация қилишга рухсат берилади.

Гўштни кўчаларда ҳамда савдо объектлари ва савдо шаҳобчалари ичида хона ёки кўча ҳароратида илгакларга илинган ҳолда сотиш, сақлаш қатъиян тақиқланади. 

143. Ҳайвонлар гўштини реализация қилишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

агарда уларнинг сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилган бўлса;

гўшт сотиш учун тегишли барча шароитлар, шу жумладан совутгичли махсус расталар ташкил этилган бўлса;

тегишли ветеринария ҳужжатлари мавжуд бўлса (белгиланган тартибда расмийлаштирилган тақдирда);

ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига белгиланган тартибда киритилган бўлса.

144. Савдо шаҳобчалари ва бозорларга сотилиш учун келиб тушадиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий равишда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиши ҳамда ветеринария-санитария экспертизаси лабораториясининг ветеринария врачи томонидан тамғаланиши лозим.

145. Қуйидаги ҳолларда гўшт маҳсулотларини реализация қилишга рухсат берилмайди:

сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилмаган бўлса;

гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун белгиланмаган транспорт воситалари ёрдамида етказиб берилган бўлса;

тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаса;

ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг Ф-200 шаклдаги маълумотномаси бўлмаса;

ветеринария-санитария экспертизасининг хулосаси (маълумотномаси) бўлмаса;

оёқлари ва бош қисми жун билан бирга бўлса, шунингдек парранда ва қушларнинг патлари юлинмаган бўлса;

хона ёки кўча ҳароратида илгакка осилган ёки ерга (очиқ раста устига) очиқ ҳолда қўйилган ҳолатда бўлса; 

ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган бўлса. 

146. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини фақат барча ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва нормаларига жавоб берувчи, совутиш қурилмалари билан жиҳозланган ҳамда ветеринария-санитария хулосаларига эга бўлган жойларда реализация қилишга рухсат берилади.

147. Гўшт совутгичли махсус расталарда (витриналарда) сотилади. Бунда совутгичли витриналарнинг ҳар томонлари зич ёпиладиган бўлиши зарур. Гўштнинг расталарга сиғмаган қисми совутгичли хоналар ёки катта ҳажмдаги совутгичларда сақланиши лозим. 

Гўштни майдалаш ва ажратиш махсус ёғоч мосламаларда (кундалар) амалга оширилиши лозим. Кундаларнинг юзаси текис бўлиши, улар мунтазам равишда пичоқ билан тозаланиб турилиши, иссиқ сув билан ювилиши ҳамда иш куни якунлангандан кейин устига катта заррачали туз сепилиши ва дока билан қопланиши лозим. 

Савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчалари қувур орқали келувчи иссиқ ва совуқ сув, қўл ювгич ва бошқа зарур асбоблар (пичоқ, болта, тарози ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.

148. Сотувчи тўлиқ бўлган махсус кийим бошда ишлаши ҳамда харидорга гўшт маҳсулоти тўғрисидаги зарурий ва аниқ ахборотни бериши, хусусан қуйидагиларни маълум қилиши шарт: 

гўшт ва гўшт маҳсулоти олинган ҳайвоннинг тури, сўйилган санаси;

истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи ветеринария маълумотномаси.

Ҳар бир совутгичли витрина устида ушбу гўшт олинган ҳайвон тури тўғрисидаги маълумот ёзуви бўлиши шарт.

149. Харидорнинг талабига биноан сотувчи, шунингдек етказиб берувчининг фирма номи ҳамда жойлашуви (юридик манзили) тўғрисидаги маълумотни ҳам тақдим қилиши шарт.

150. Бозор маъмурияти, дўконлар ва гўшт сотиш шаҳобчалари раҳбарлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббий кўрикдан ўтмаган ва ветеринария-санитария курсларида таҳсил олмаган шахсларнинг ишлашига йўл қўйганлиги учун жавобгар бўлади.

10-боб. Якунловчи қоида 

151. Мазкур қоидаларнинг талабларини бузишда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига
 
3-ИЛОВА

2019 — 2021 йилларда республика ҳудудларида ҳайвонларни сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича ташкил этиладиган автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари

ПАРАМЕТРЛАРИ

Т/р

Ҳудудлар номи

Туман ва шаҳарларда қуриладиган ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари сони

Ташкил этилган замонавий ихтисослаштирилган сўйиш корхоналар сони

Фойдаланишга топшириладиган йили *

жами

туман

шаҳар

жами

туман

шаҳар

2019 йил

2020-2021 йил

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

15

14

1

1


1

2

13

2.

Андижон вилояти

17

14

3

1


1

1

16

3.

Бухоро вилояти

13

11

2

2

2


2

11

4.

Жиззах вилояти

13

12

1

2

2


1

12

5.

Қашқадарё вилояти

14

13

1

5

5


2

12

6.

Навоий вилояти

10

8

2

4

3

1

1

9

7.

Наманган вилояти

11

11


2


2

1

10

8.

Самарқанд вилояти

16

14

2

4

3

1

2

14

9.

Сирдарё вилояти

11

8

3

3

1

2

2

9

10.

Сурхондарё вилояти

14

13

1

2

1

1

1

13

11.

Хоразм вилояти

12

10

2

2

1

1

1

11

12.

Фарғона вилояти

19

15

4

2

1

1

1

18

13.

Тошкент вилояти

21

15

6

4

4


2

19

14.

Тошкент шаҳри

11

11


4


4


11


Жами:

197

169

28

38

23

15

19

178

* Ҳудудларнинг жойлашувига қараб ташкил этиладиган кушхоналар сони ва уларнинг ишга тушиш муддатлари ўзгариши мумкин.


   (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.05.2019 й., 09/19/386/3108-сон)